Линклар

Индира Умарова Ўзбекистон ҳукуматига очиқ хат ёзди

  • Озодлик

“Серқуёш Ўзбекистоним” коалициясининг қамоқдаги раҳбари Санжар Умаровнинг хотини Индира Умарова эрига белгиланган ҳукмни адолатсиз ҳисоблаб, Ўзбекистон раҳбариятига ва бир неча идораларига очиқ хат йўллади.

С.Умаров даромадни яшириш ва солиш тўлашдан бўйин товлаш каби иқтисодий жиноятларда айбланиб, март ойида 10,8 йилга қамалганди. Аппеляция судида эса унга белгиланган жазо муддати 7,8 йилга қисқартирилди.

Шундай бўлса-да, Индира Умарова эрига нисбатан адолатсизлик қилинганини таъкидламоқда. У Ўзбекистон президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ва Олий судига жўнатган очиқ хатида ҳукумат олдига бир неча талаблар қўйган. И.Умарова, биринчи навбатда, эрининг мустақил тиббий текширувдан ўтказилиши ва унга малакали тиббий ёрдам кўрсатилишини талаб қилган.

“Биз ҳозир унга кўрсатилаётган тиббий ёрдамдан фойда чиқишига ишонмаймиз, - дейди И.Умарова “Озодлик” радиосига берган интервьюсида. – Яқинда ўтказилган иккинчи инстанция судида турмуш ўртоғимнинг аҳволи анча оғирлашгач, тез тиббий ёрдам чақирилиб, уколь қилиниб, оёққа турғизилган ва сўроққа тутишда давом этилган”.

И.Умарованинг сўзларига кўра, адвокат ҳамон С.Умаров билан учрашишга рухсат ола олмаяпти. Улар фақат аппеляция судидагина кўришган.

“Менга айтишларича, хўжайиним таниб бўлмас аҳволда. Ранглари оқарган, кўзлари ёшга тўлган. Ҳаттоки ўз қариндошлари билан ҳам нормал гаплаша олмаган. Холам врач. Ўшанда бир амаллаб панжара ичига турган эримнинг томир уришини текширган ва даҳшатга тушган. Ҳатто дори ичиш учун сув ҳам беришмаган”, - дейди И.Умарова.

И.Умарова эрига қўйилган айблар юзасидан тақдим этилган ҳужжатларни кўрсатишни талаб қиляпти.

“Коалиция бош ҳисобчиси Ольга Карпенкони касал, деб баҳона қилишиб, судга қўйишмаганди. Ниҳоят у навбатдаги инстанция судида қатнашиб, тафтиш комиссиянинг хулосаларига қўшилмаслигини билдирди. Бундан ташқари, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи билан қилинган қиёслаш актининг йўқолиб қолганига эътибор қаратди ва суд йўқолган ҳужжатларни топиб берса, ўзининг ҳақлигини исботлашини айтди”, - деди И.Умарова.

И.Умарова Ўзбекистон расмийларига ёзган очиқ хатига жавоб келишига ишонмаслигини, шунга қарамай, охиригача курашиб, фарзандлари билан бирга оиласи бошлиғини ҳимоя қилишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG