Линклар

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги ҳодиса

  • Озодлик

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси тарқатган хабарга кўра, 19 апрель куни ўзбек-қозоқ чегарасида тўқнашув юз берган.

Ўзбекистон расмийларининг билдиришича, кеч соат олтиларда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ўзбек аскарлари томонидан чегарадаги тиканли симларни ўғирлашга уринаётган қозоғистонлик уч номаълум шахс аниқланган. Чегарачиларнинг огоҳлантиришига қарамай, бузғунчилар қаттиқ қаршилик кўрсатиб, кейин беркинган. Сал ўтиб, чегара ҳудудида қозоғистонлик 25 га яқин фуқаро тўпланиб, ўзбек чегарачиларини тошбўрон қила бошлаган.

Ўзбек ҳарбийларининг ҳавога огоҳлантирувчи ўқ отишига қарамай, Қозоғистон фуқаролари улар билан мушталаша бошлаган ва натижада бир қозоқ оғир жароҳатланган. Бу фуқаро Ўзбекистондаги шифохоналардан бирига ётқизилган.

Аммо қозоқ расмийлари воқеанинг бошқача тафсилотларини илгари сурмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, ўзбек аскарларидан тўрттаси қозоқ чегарасини бузиб, тиканли сим ўғрисини қидириш баҳонасида Қувонч овулига кириб келган. У ерда Қозоғистон фуқароси Баур Аҳмедовни сим ўғирлашда гумон қилиб, ҳибсга олишган. Бунга жавобан овул аҳолиси, жумладан, Б.Аҳмедовнинг акаси ўзбек чегарачиларидан қўлга олинган шахсни зудлик билан қўйиб юборишни сўраган. Шу орада тўполон чиқиб, ўзбек чегарачилари вазиятни тинчлантириш учун икки марта ҳавога, икки марта эса машинага қарата ўқ узган. Бундан чўчиган қозоғистонликлар ўзбек чегарачиларига қаршилик кўрсата олмаган ва натижада Б.Аҳмедов Ўзбекистон ҳудудига олиб кетилган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илёс Умаров бу ҳодиса ўзбек чегарачиларининг интизомсизлиги оқибатида содир бўлганини таъкидлади.

“Бу каби ҳолатлар юз бермаслиги учун икки мамлакат чегара хизмати ходимлари тушунтириш ишларини олиб бориши керак. Албатта, мазкур ҳодиса икки мамлакат ўртасидаги муносабатларига кўрк қўшмайди. Айниқса, яқинда президентимизнинг Тошкентга қилган муваффақиятли сафари ва икки биродар халқ ўртасидаги муносабатлар тобора яқинлашаётган бир
пайтда”,
- деди матбуот котиби.

Қозоғистонлик сиёсатчи Дўст Кўчим эса чегарадаги ҳодиса қозоқ чегарачиларининг масъулиятсизлиги оқибатда юз берган, деган фикрда.

“10 йилдан буён ўзбек-қозоқ чегара ҳудудларида турли ҳодисалар юз беради.
Расмийлар халқни тинчлантириш учун вазият ўрганилаётганини айтади, холос. Аммо икки томон ўртасидаги келишувлар бўйича ким чегара қоидасини бузиб, қўшни мамлакат ҳудудига ўтса, у ўша мамлакатда судга тортилиши керак. Шундай экан, биз шу вақтгача ҳудудимизда тартибсизликлар уюштирган ўзбекистонлик чегарачиларнинг суд олдида жавоб беришини талаб қиламиз”,
- деди сиёсатшунос.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Комрон Алиев икки давлат ўртасидаги чегарада бу каби тартибсизликлар тез-тез учраётгани сабабларини бошқа нуқтадан кўришини билдирди.

“Ўзбекистондан кўплаб контрабанда маҳсулотлари олиб чиқилади ёки олиб кирилади. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон расмийлари чегарачиларга ҳаттоки отиш ҳуқуқини берган. Шу сабабли чегара ҳудудларида турли тартибсизликлар юз беради. Шунингдек, чегарачиларнинг аксарияти коррупцияга аралашганини ёддан чиқармаслик керак. Шундай экан, чегарада пул эвазига анчагина ишни битирса бўлади”, - деди К.Алиев.
XS
SM
MD
LG