Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:16

“Думини кўтарадиган душман”га даҳшат соладиган ҳужжат кучга кирди


Басира 21 апрель куни Россия Давлат думаси “Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификациялаш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.

Мазкур шартнома 2005 йил 14 ноябрда Ислом Каримов ва Владимир Путин томонидан имзоланган эди.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Алексеев “Регнум” ахборот агентлиги саволларига жавоб берар экан, мазкур шартномани имзолаш ташаббуси Ўзбекистондан чиққанини таъкидлади.

Ўзбекистон парламенти шартномани шу йилнинг 6 мартида маъқуллаган эди.

Томонлардан бирига нисбатан пайдо бўлган ҳар қандай ташқи таҳдид иккала давлатга қарши агрессия сифатида баҳоланилиши тўғрисидаги банд ушбу ҳужжатнинг эътиборли нуқтасидир.

Шартномада томонлар сиёсий, ҳарбий, ҳарбий-техникавий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Давлат думасининг МДҲ масалалари ва ватандошлар билан алоқа қўмитаси раиси Андрей Кокошиннинг таъкидлашича, мазкур шартнома Россия-Ўзбекистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқади.

Москвадаги сиёсий ахборот маркази раҳбари Алексей Мухин Россия иттифоқчилик шартномасини бежиз имзоламаганини айтади. Унинг билдиришича, Кремль келгусида собиқ иттифоқ давлатларидан бир нечтаси билан энергетика альянсини тузиш ниятида.

“Энг аввало, бу Россия, Қозоғистон, Туркманистон, шунингдек, Ўзбекистон ҳам бўлиши мумкин. Ўзбекистоннинг мазкур альянсга қўшилиши учун тўла асослар бор. Иттифоқчилик шартномаси орқали Ўзбекистон бу масалада ўзи учун қандайдир кафолатга эга бўлди”, - дейди Алексей Мухин.

Унинг айтишича, мазкур шартномани икки давлат парламентлари маъқуллагандан кейин яна бир қанча келишувлар имзоланади.

Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик шартномасида халқаро терроризмга қарши кураш асосий мақсадлардан бири сифатида белгилаб қўйилган.

Алексей Мухин “терроризмга қарши кураш диктаторлик режимининг кўринишларини ёпиш учун бир баҳонадир”, деган фикрда.

“МДҲдаги эски, советча шаклини йўқотмаган режимлар ўзини сақлаб қолишга интилмоқда ва бу мақсадда ҳар мақомга йўрғалаб кўрмоқда. Шартномага терроризм тўғрисидаги банднинг киритилиши режимларнинг мақсадига хизмат қилади”, - дейди Алексей Мухин.

Унинг фикрича, Россия Марказий Осиёнинг барқарорлигидан манфаатдор. Айнан Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондаги барқарорлик Россиянинг тинч тараққиётига хизмат қилади.

“Андижон воқеаларидан сўнг Ғарб билан муносабатига совуқлик тушган Каримов режимининг Кремль билан яқинлашуви икки давлат ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликнинг қайта тикланаётганлигида кўринмоқда”, - сўзини хулосалади А.Мухин.

Шундай қилиб, президент Ислом Каримовнинг “Ўзбекистонга қарата думини кўтарган душман”га Россия билан ҳамкорликда кураш олиб бориши учун қонуний асос бўла оладиган ҳужжат кучга кирди.
XS
SM
MD
LG