Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:29

Ўзбеклар Байкал ҳимоясига отланди...


Халқаро миқёсда нишонланадиган саналардан бири “Ер куни” деб аталади ва 22 апрель она сайёра саломатлигига янада каттароқ эътибор қаратиш учун, аввало, рамзийлик касб этадиган кундир.

Қолаверса, ахборот технологиялари ривожлангани сари дўппидеккина экани тобора сезилиб қолаётган Ернинг саломатлиги учун қайғурадиганларнинг барчаси учун бу кун жамоатчиликка она заминнинг оғриқларини эслатиб қўйишга бир имкониятдир.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқилганда, Ўзбекистондаги бир неча нодавлат ташкилотнинг Ер куни ўтказмоқчи бўлган пикети Байкал кўли ҳимояси учун мўлжалланганини тушуниш қийин эмас.

Ер кунида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш жамияти, “Чирчиқ дарё” экологик ҳуқуқий маркази, Тошкент экологик ҳаракати каби ташкилотлар Россия Федерациясининг Тошкентдаги элчихонаси биноси олдида пикет ўтказмоқчи эди.

“Чирчиқ дарё” экологик ҳуқуқий маркази вакили Аҳтам Шоймардонов суви чучук Байкал кўлининг дунёдаги ноёб сув ҳавзаси эканини таъкидлар экан, кейинги йилларда нефть ортидан қуваётган корчалонлар фаолияти кўлнинг тозалигига таҳдид солаётгани тўғрисида гапирди. Унинг фикрича, Байкал муаммоси жаҳондаги барча экологларнинг ёрдамисиз маҳаллий экологлар уддалайдиган иш эмас.

Ўзбекистонлик экологларнинг узоқдаги Байкал кўли ҳимоясига отлангани 22 апрель куни Ер кунининг нишонланиши билан изоҳлансада, Ўзбекистон экологияси масаласида олам гулистонми, деган ҳақли савол туғилади.

А.Шоймардонов Ўзбекистонда ҳам экологик муаммолар бошдан ортиб ётганини, Оролдан тортиб ҳар бир шаҳар экологияси масаласида ечилиши лозим муаммолар олдинда турганини айтар экан, 2005 йилнинг 22 апрелида ўтказганлари акцияни эслатиб ўтди. Бир йил олдин ўзбекистонлик экологлар Тошкент шаҳри ҳокимлиги биноси олдида пикет ўтказиб, шаҳар кўчаларидаги дарахтларни кесишни тўхтатишни талаб қилганди.

Умуман, А.Шоймардоновнинг гапларига қараганда, Ўзбекистондаги экология ҳимоясига бел боғлаган нодавлат ташкилотларнинг мақтовга арзирлик ишлари анчагина.

Бу ташкилотларнинг 22 апрель - Ер кунида Россия Федерациясининг Тошкентдаги элчихонаси биноси олдида бўлиши режалаштирилган акцияси эса ўтказилмади.

А.Шоймардоновнинг айтишича, пикет ўтказмоқчи бўлганларнинг уйлари олдида 21 апрель оқшомиданоқ номаълум кимсалар пайдо бўлган. Акция уюштирувчиларидан бири Елена Урлаевани эса 22 апрель куни эрталаб милиция қўлга олиб, ички ишлар бўлимига олиб кетган.

“Урлаева милиция бўлимидан туриб акцияни ўтказмаслик, акс ҳолда қатнашчиларни милиция ҳибсга олиши ҳақида телефон орқали огоҳлантирди. Е.Урлаева кечга яқин қўйиб юборилади, мақсад пикет ўтказилишининг олдини олиш, холос”, - дейди А.Шоймордонов.

Экологик масалалардан узоқ оддий тошкентлик кўрса, ҳатто ғашини келтириши мумкин бўлган пикетга (чунки узоқдаги Байкал кўлини ҳимоя қилаяптиларда) бу қадар қаршилик кўрсатилишининг сабаби нимада?

“Маъмурлар Путин ҳукуматига Ўзбекистонда барқарорлик мавжудлигини, ҳамма нарса назорат остида эканини кўрсатиб қўймоқчи, холос”, - жавоб қайтарди А.Шоймардонов.
XS
SM
MD
LG