Линклар

Олег Панфилов: “Ўзбекистон Туркманистон каби ёпиқ давлатга айланмоқда”


Басира “Одил сўз” халқаро ташкилоти Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ мониторингнинг март ойи натижаларини эълон қилди. Мазкур ҳисобот Ўзбекистондаги Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази билан ҳамкорликда тайёрланган.

Сўз ва матбуот эркинлигига бағишланган мазкур мониторинг 2003 йил сентябрдан буён олиб борилмоқда. Дастлаб у Ўзбекистондаги “Интерньюс” ташкилоти ҳамкорлигида тайёрланарди. “Интерньюс” фаолияти тақиқланганидан сўнг 2005 йил ёздан бошлаб ишга Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази бош қўшди.

Мониторингнинг март ойига бағишланган ҳисоботида Ўзбекистонда баъзи ахборот сайтларига ёки алоҳида мақолаларга киришга тўсиқлар қўйилгани, маҳаллий журналистларга нисбатан расмий идоралар вакиллари қўпол муомалада бўлиши каби кўплаб қонунбузарлик ҳолатлари тилга олинган.

Ҳисоботда ОАВ ва унинг вакиллари ҳуқуқлари бузилишига оид 38 ҳолат қайд этилган. Қиёслаш учун маълумот: 2004 йил март ойида 51 та, 2005 йилнинг шу даврида эса 46 та ҳолат тилга олинган эди.

Бу рақамларнинг йилдан-йилга камайиб бораётгани Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги масаласи яхшилаётганини кўрсатадими?

Москвадаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов аслида Ўзбекистонда ҳеч қандай яхшиланиш бўлмаганини таъкидлади.

“Бу ҳолат ҳукумат журналистикани бостириб бўлганини англатади. Шу сабабли кўп журналистлар ё ҳукуматнинг асабига тегадиган мавзуларни ёритмаяпти ёки газеталарнинг ўзи ўзини чекламоқда. Шунинг учун журналистларни тазйиққа солишга ҳукуматда асос ҳам йўқ”, - деди О.Панфилов.

Унинг фикрича, Ўзбекистон Туркманистон каби ёпиқ давлатга айланмоқда. Мамлакатда журналистлар тотал цензура, ОАВ тотал назорат остидадир.

Мониторингда Ўзбекистон вилоятларида олиб борилаётган мажбурий обуна масаласи, Интернетдаги сайтларга тўсиқ қўйилаётгани айтилган.

Хоразмлик журналист Сергей Наумов журналистларнинг ҳуқуқлари бузилишида уларнинг ўзи ҳам айбдор эканини айтади.

“Гап ҳозир уларнинг ҳуқуқлари бузилаётганида эмас, балки уларнинг ўз ўзини цензура қилишидадир. Давлатга қарашли кўпгина ОАВда фаолият юритаётган журналистлар мавзуларни ёритишга ҳайиқади. Уларда ички цензура кучли”, - дейди С.Наумов.

Журналист “Фарғона.ру”, “Центразия.ру” каби сайтларга тўсиқ қўйилгани, мухолифатнинг сайтларини айтмаса ҳам бўлишини, ҳатто бундай сайтларга кирганлик учун Интернетдан фойдаланувчилар жарима тўлаши белгилаб қўйилганини таъкидлади.

Мониторингда “Адвокат пресс” газетаси рўйхатдан ўтишга рад жавоби олгани ҳам тилга олинган. Мазкур газета ўтган йилнинг 28 ноябридан буён нашр этилмаяпти. Унинг сўнгги сонида журналист Дилмурод Саййиднинг “Оқсаш учун аввало юриш керак” сарлавҳали мақоласи босилган эди.

Ҳисоботда “Немис тўлқини” радиоси мухбири Обид Шабоновнинг аккредитациядан маҳрум этилгани, “Ёшлар телерадиоканалининг Навоий вилояти бўйича мухбири Сайидали Темировнинг асоссиз ишдан бўшатилгани, Самарқанддаги СТВ телеканали мухбирига фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакили ахоборот бермагани каби ҳолатлар қайд этилган.
XS
SM
MD
LG