Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:13

Россия ирқчилик тўлқинида


Басира 22 апрель куни Москвада Тожикистон фуқаролари Дилшод Жўраев ва Жамшид Сатторов пичоқлаб кетилди. Д.Жўраев шифохонага етмасданоқ оламдан ўтди, Ж.Сатторовнинг аҳволи эса ўта оғир.

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси матбуот хизмати ходими Муҳаммад Эгамзод элчихона мазкур ҳодиса юзасидан Россия ҳукуматига ўз ташвишини билдирганини маълум қилди.

“Элчихона Россия ҳукумати мазкур воқеани ўрганиб, жиноятчиларни жазолашини ва ирқчилар ҳужумларига нисбатан чора кўришни талаб этади”, - деди Муҳаммад Эгамзод.

Москва прокуратураси тожикистонликка қилинган ҳужум юзасидан жиноят иши қўзғаган бир пайтда ўша куни Россия пойтахтида яна бир жиноят содир этилди. Москва марказида, Пушкин метро бекати ичида Россиянинг арман миллатига мансуб фуқароси, 17 яшар Ваган Абрамянц пичоқлаб кетилди. У воқеа жойида ҳалок бўлди. Гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра, В.Абрамянц ва унинг дўстларига ирқчилар ҳужум қилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Москва бошқарув университети талабаси В.Абрамянцнинг қотиллигида айбланиб, пойтахтнинг 684-ўрта мактаби 11-синф ўқувчиси Кулагин исмли шахс қўлга олинган.

Бу хабарни Москва шаҳри прокуратураси матбуот хизмати ходими Сергей Марченко тасдиқлади.

“Айни пайтда у (Кулагин) айбига иқрор бўлган. Бироқ у жиноятни миллий адоват асосида эмас, балки В.Абрамянц севган қизини ҳақоратлагани сабабли содир этганини айтмоқда. Агар унинг кўрсатмаси инобатга олинадиган бўлса, қотилга енгил жазо берилиши мумкин”, - деди С.Марченко.

Бу қотилликлар ўтган ҳафтада Россияда ирқий адоват замирида содир этилган ягона жиноят бўлмади. Киров шаҳрида ҳуқуқ-тартибот ходимлари шаҳар бўйлаб фашистлар белгиси туширилган, бошқа миллат вакилларини йўқ қилиш чақириқлари битилган варақаларни ёпиштираётган 6 шахсни қўлга олди. Улар скинхедлар эканини тан олган.

21 апрель куни эса Кострома давлат университетида таҳсил олаётган хитойлик 4 талаба калтакланди. Бундан бир кун олдин эса худди шу шаҳарда озарбойжон миллатига мансуб мактаб ўқувчиси бўлган қиз калтакланди.

22 апрель куни кечки пайт ксенофобия кайфиятлари кучайган Санкт-Петербургда Туркиянинг 36 яшли фуқароси калтакланди. Айни пайтда у шифохонада. Унга ҳужум қилишда гумонланаётган уч шахс ҳибсга олингани айтилмоқда.

Россия арманлари иттифоқи раиси Ара Абрамян В.Абрамянц ўлдирилгандан сўнг берган интервьюсида ирқчиларнинг ҳужумлари Россия жамиятининг фожеаси эканини билдирди.

“Бундай кўринишлар мунтазамлик тусини олди. Биз бундан керакли хулосалар чиқаришимиз керак. Улар жазосиз қолиши мумкинлигини билади. Афсуски, ҳукуматда ҳам, жамиятда ҳам уларни қўллаб-қувватлайдиган одамлар бор. Бу ҳақиқий нацизм, ҳақиқий ксенофобия. Менда шундай таассурот пайдо бўляптики, тақирбошлар ҳукуматимиз ва милициямиздан кўра яхши ташкиллашган”, - деди А.Абрамян.
XS
SM
MD
LG