Линклар

logo-print

Навбат юристлар уюшмасига келди чоғи...

  • Озодлик

Ўзбекистон Адлия вазирлиги мамлакатда фаолият юргизиб келаётган Америка юристлар уюшмасини ëпишни сўраб, Toшкент шаҳри фуқаролик судига мурожаат қилди.

Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги хабарига кўра, вазирлик уюшма раҳбариятига ташкилот фаолиятини текшириш натижасида айрим қонунбузарликлар юз берган ҳақидаги маълумотларни тақдим этган, аммо бу камчиликлар бартараф этилмаган. Уюшма, жумладан, мамлакатда рўйхатга олинмаган ноҳукумат ташкилотларга ëрдам кўрсатиш, маҳаллий ноҳукумат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда молиявий операциялар ҳақидаги маълумотларни расмий Тошкентга тақдим этмасликда айбламоқда.

Адлия вазирлигининг мурожаати бўйича Америка юристлар уюшмаси иши юзасидан суд жараёни 25 апрель куни бошланиши кутилмоқда.

Юқорида келтирилган маълумотлар тафсилотларини билиш мақсадида Ўзбекистон Адлия вазирлигига қилинган телефон мурожаатларидан иш чиқмади. Америка юристлар уюшмасининг Тошкентдаги офиси ходими ҳам уларда “ҳеч қандай маълумот йўқлиги” айтиш билан чегараланди.

Шундан сўнг “Озодлик” мухбири Америка юристларлар уюшмаси бош қароргоҳига қўнғироқ қилиб, ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими Александр Гэйл билан суҳбатлашди.

Унинг маълум қилишича, уюшма Тошкент ҳукуматидан фаолиятини тўхтатиш талаб қилинган ҳеч қандай расмий огоҳлантириш олмаган ва айни пайтда ташкилот Ўзбекистондаги ишини давом эттирмоқда.

Америка юристлар уюшмаси ноҳукумат ташкилот ҳисобланиб, бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган. Ушбу ташкилот Ўзбекистонда 1995 йилдан буëн фаолият юритиб келади. Уюшманинг расмий веб саҳифасида ташкилотнинг муҳим лойиҳалардан бири сифатида 2003 йилда трансчегара тармоқ тизимини, яъни Фарғона водийсида жамоатчилик манфаатини ҳимоя қилиш тармоғини ташкил этгани ëзилган.

Уюшмага ҳуқуқшуносликка ўқиган талабалар иштирокида республиканинг турли ҳудудларида ноҳукумат ташкилотлар тузганлик айби ҳам қўйилгани ҳақида хабарлар бор. Ташкилотнинг Ўзбекистондаги фаолият йўналишларидан бири эса айнан мамлакатда адвокатлик фирмаларини ташкил этиш ва уларни қўллаб-қувватлашдир.

Сўнгги икки-уч йил ичида Ўзбекистонда Ғарбнинг ўнга яқин ташкилоти ваколатхоналари ёпилди. Улар орасида Сорос ва “Евроосиë” жамғармалари, “Фридом ҳаус”, БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олиш комиссарлиги ваколатхонаси ва бошқалар бор.
XS
SM
MD
LG