Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:12

Манмоҳан Сингҳ Ўзбекистонга нима олиб келади?


22 апрель куни уч кунлик ташриф билан Германияга келган Ҳиндистон бош вазири Манмоҳан Сингҳ ўз ватанига қайтишда 25-26 апрель кунлари Ўзбекистонга сафар қилади.

Тошкентга сафари чоғида Ҳиндистон раҳбари Ўзбекистон расмийлари билан музокаралар ўтказади ва бу учрашувларда бир неча ҳужжатлар имзоланади.

Берлинга жўнаб кетишдан аввал ўтказилган брифингда М.Сингҳ Ўзбекистон Марказий Осиëдаги муҳим давлат экани ва Ҳиндистон бу ўлкага яқин қўшниси сифатида қарашини таъкидлади.

“Биз анъанавий алоқаларимиз, хусусан, сиëсий, иқтисодий, ҳарбий, энергетика, илм-фан, технология ва маданият соҳасидаги ришталарни уларга янги мазмун-моҳият берган ҳолда кучайтиришга умид қилмоқдамиз”, - деди М.Сингҳ Ўзбекистон сафаридан кўзланаëтган мақсадлар ҳақида гапира туриб.


Нью-Деҳлида жойлашган “Сапра Ҳиндистон” жамғармаси хавфсизлик ва сиëсий тадқиқотлар маркази бошлиғи, Марказий Осиë-Ҳиндистон муносабатлари бўйича таҳлилчи Киар Жавоҳар фикрича, Тошкент сафари орқали Манмаҳон Сингҳ Ҳиндистоннинг Марказий Осиëдаги мавқеини кучайтиришга ҳаракат қилади.

“Ҳиндистон бош вазирлари Марказий Осиëга жуда кам сафар қилади. Охирги марта 2002 йил июнида бош вазир Важпайи Қозоғистонга борган эди, холос. Марказий Осиë Ҳиндистон учун иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан муҳим минтақа. Ҳиндистоннинг Марказий Осиë сиëсати марказига эса Қозоғистон ва Ўзбекистон қўйилган, ҳамда Деҳли бу икки давлатни ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий жиҳатдан минтақа лидерлари деб ҳисоблайди. Ҳиндистоннинг минтақа билан муносабатларида иқтисодий манфаатлар бирламчи. Аммо айни пайтда ҳарбий алоқалар, айниқса, Ўзбекистон билан яхши йўлга қўйилган”,- дейди ҳиндистонлик таҳлилчи.

Осиë қитъасидаги иқтисодий ривожланиш марказига айланиб бораëтган Ҳиндистон айни пайтда Шарқдаги демократия устунларидан бири ҳамдир. Шу йил 3 март куни Деҳлида АҚШ президенти Жорж Буш Ҳиндистонни айнан демократия ва инсон эркинликлари тантанаси учун курашда ўз стратегик ҳамкори, дея атаганди. АҚШ президентининг бундай юксак баҳосига лойиқ топилган ҳукумат раҳбари айнан АҚШ томонидан инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузувчи сифатида яккалаб қўйилган Ўзбекистонга сафар қилмоқда. Бу борада билдирилаëтган айрим танқидларга тўхталар экан, Киар Жавоҳар Деҳлининг инсон ҳуқуқлари ва демократия борасидаги қаричи Американикидан фарқли эканини айтди.

“Демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласида Ҳиндистон ҳамиша ҳар бир мамлакатнинг бу борада ўз анъана ва одатлари борлиги, ҳар қандай демократик модел шу анъаналарга асосланиши лозимлигини очиқ айтиб келмоқда. Ҳиндистон Ўзбекистонда ҳалол ва демократик тузум қарор топишида ëрдам беришга уринмоқда, хусусан, ўз мутахассислари, сайлов кузатувчиларини мамлакатга юбориб келмоқда. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида жиддий муаммолар борлигини ҳеч ким инкор қилмайди, хусусан, Андижондаги намойишнинг қонли равишда бостирилиши буни очиқ кўрсатди. Аммо Ҳиндистоннинг демократия ва инсон ҳуқуқлари борасидаги қараш ва мезонлари АҚШ ва Ғарбникидан фарқли ва у юқорида айтиб ўтганим принципга асосланади”, - деди К.Жавоҳар.

Ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев фикрича, Деҳли ҳукумати минтақа, хусусан, Ўзбекистондаги иқтисодий манфаатларини кўзлаган ҳолда инсон ҳуқуқлари масаласини четлаб ўта олмайди. Яъни Тошкентда ўтадиган музокараларда ҳам бу масала кўтарилади. Аммо унинг қай шакл ва кўринишда бўлиши ҳозирча мавҳум.

Ҳиндистонлик таҳлилчи Киар Жавоҳар М.Сингҳнинг Ўзбекистонга сафаридан асосий мақсад барибир иқтисодий алоқалар бўлишини билдирди. Унинг айтишича, Ҳиндистон ишбилармон доираларининг Ўзбекисонга сармоя киритиши кучайиши кутилмоқда. Ҳинд тадбиркорларини кўпроқ фармацевтика, пахта ва ëнилғи сектори қизиқтиради. Буларнинг барига бош вазир сафари давомида катта эшик очилиши кутилмоқда.

Бироқ Т.Йўлдошев Ўзбекистондаги сиёсий мавҳумлик, хусусан, сармоя иқлимининг қалтислиги Ҳиндистондан ўзбек ерига катта сармоя келиши ва ўзаро иқтисодий алоқалар жиддий ривожланишини кутишни воқеликдан узоқлаштиришини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG