Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:39

БМТ одам савдоси бўйича ўзининг биринчи ҳисоботини эълон қилди.


Бирлашган миллатлар ташкилотининг наркотикларни назорат қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш идораси дунё мамлакатларида одам савдосига оид ўзининг биринчи ҳисоботини чиқарди. Очиқ манъбалардан олинган маълумотлар асосида ҳозирланган мазкур ҳисоботда дунёнинг бирорта ҳам мамлакати бу жиноятдан ҳоли эмаслиги қайд этилади. Ҳужжатда халқаро уюшган жиноий гуруҳлар томонидан амалга оширилаётган одам савдосининг асосий қурбонлари аёллар ва болалар экани билдирилади.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Наркотикларни назорат қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш идораси душанба куни эълон қилган ҳисобот “Одам савдоси – дунёдаги вазият”, дея номланган. Ҳужжатда дунёнинг 127 камбағал давлати фуқаролари 98 мамлакат ҳудудлари орқали ривожланган 137 давлатга яширинча олиб бориб сотилаётгани билдирилади.

“Очиқ маълумотларга асосланиб дунё бўйича қанча фуқаро одам савдоси қурбони бўлаётганини аниқ айтиш жуда қийин. Ҳар ҳолда миллионлаб одам бундай жиноят қурбони бўлмоқда. Айни пайтда, одам савдосига алоқадор бўлмаган давлат номини айтиш ҳам жуда қийин”, – дейди Бирлашган миллатлар ташкилотининг Наркотикларни назорат қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш идораси раҳбари Антонио Мариа Коста.

Ҳисоботга кўра, одам савдоси билан, асосан, уюшган халқаро жиноий гуруҳлар шуғулланмоқда. Одам савдосининг асосий қурбонлари аёллар ва болалар бўлиб қолмоқда. Улар арзон ишчи кучи сифатида мажбурлаб ишлатишдан кўра, кўпроқ фоҳишалик мақсадида фойдаланиш учун сотилмоқда. Қул вазифасини бажараётганлар камбағал давлатлар фуқаролари бўлиб, улар турли йўллар орқали саноати ривожланган давлатларга олиб бориб сотилмоқда.

Наркотикларни назорат қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш идораси Одам савдосига қарши кураш бўлими бошлиғи Крисна Конгаспонтант Озодлик мухбири билан суҳбатда одам савдоси Марказий Осиё давлатларида ҳам кучайиб бораётганини айтади:

“Марказий Осиёда одам савдоси билан боғлиқ вазият катта муаммога айланиб бормоқда. Минтақада жойлашган давлатлар фуқаролари араб, Ғарбий Европа давлатлари, Россия ва бошқа мамлакатларга олиб кетилиб, арзон ишчи кучи сифатида эксплуатация қилинмоқда ёки фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилинмоқда. Шу боис, одам савдоси Марказий Осиё жумладан, Ўзбекистонда ҳам катта муаммога айланиб бормоқда”.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Наркотикларни назорат қилиш ва жиноятчилик олдини олиш идораси раҳбари Антонио Мариа Костага кўра, одам савдосига қарши самарали кураш олиб бориш учун дунё ҳукуматлари учта асосий муаммони ҳал қилиши керак.

Биринчидан, арзон ишчи кучи ёки фоҳишалик мақсадларида фойдаланиш учун мамлакатга яширинча олиб келинадиган хориж фуқароларига бўлган талабни камайтириш. Иккинчидан, одам савдоси билан шуғулланаётган жиноий гуруҳларга қарши курашни кучайтириш. Учинчидан, одам савдосининг асосий қурбонлари бўлаётган аёллар ва болаларни яхшироқ ҳимоя қилиш чораларини кўришдир.

Одам савдосини камайтириш учун қандай чора кўриш керак, деган саволга Крисна Конгаспонтант аввал ҳақиқий вазиятни билиб, кейин чора кўриш кераклигини айтади:

“БМТга аъзо барча давлатда одам савдоси билан боғлиқ вазият ўрганилиши керак. Бу муаммо чуқур ва атрофлича ўрганилгандан кейингина эътиборни қандай чора кўриш кераклиги масаласига қаратиш мумкин бўлади”.

Крисна Конгаспонтант фикрича, одам савдоси қурбонига айланган фуқароларни ўз ватанларига қайтариш ва шу муаммога қайта дуч келмасликлари учун уларга ёрдам кўрсатилиши лозим. Айни пайтда, одам савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳларни жавобгарликка тортиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Наркотикларни назорат қилиш ва жиноятчилик олдини олиш идорасининг Одам савдосига қарши кураш бўлими бошлиғи Крисна Конгаспонтант Озодлик мухбири билан суҳбатда одам савдосига қарши кураш борасида ўз ташкилоти Ўзбекистонда фаол иш юритаётганини айтади:

“Ўзбекистон масаласида гапирадиган бўлсам, у ерда биз ўз идорамизни очганмиз. Идорамиз Ўзбекистон ҳукумати билан бирга одам савдосига қарши кураш борасида зарурий чоралар кўрмоқда”.

АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволига бағишланган сўнгги ҳисоботида ҳам Ўзбекистон ҳукумати халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда кўрган чоралар республикада одам савдосининг камайишига олиб келгани қайд этилади.
XS
SM
MD
LG