Линклар

Эрон президентининг таҳдиди Теҳронни янада яккалаб қўйиши мумкин.

  • Ҳасанжон

БМТнинг Халқаро Атом энергияси агентлиги 28 апрел куни Эрон ўзининг уранни бойитиш ишларини тўхтатиш ҳақидаги БМТ талабини бажаргани ёки бажармагани тўғрисида Хавфсизлик кенгашига ҳисобот беради. Бироқ душанба куни Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ўз мамлакати уранни бойитиш фаолиятини тўхтатмаслигини маълум қилган эди. АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Эроннинг ядровий дастури хусусида юзага келган бўҳронни ҳал қилишда Халқаро атом энергияси агентлиги билан алоқани тўхтатишга ҳақидаги Эрон президентининг тахдиди мамлакатни халқаро ҳамжамиятдан янада яккаланишига олиб келади, деди.

Греция пойтахти Афинага сафар қилаётган АҚШ Давлат Котиби Кондолиза Райс Эроннинг хатти-ҳаракатларидан ўз норозилигини бундай изҳор қилди:

“Менимча, Эроннинг баёноти мамлакатни халқаро ҳамжамиятдан янада яккалаб қўяди. Ядровий дастурингиз атом қуроли яратишга эмас, балки тинчлик мақсадларига қаратилганини исботлашни дунё сиздан талаб қилди. Шу боис Халқаро Атом энергияси агентлиги билан ҳамкорликни тўхтатиш, халқаро мажбуриятингизни бажармаслик ҳақида огоҳлантириш билан халқаро ҳамжамиятга тахдид қилиш, охирги икки йил давомида биз кузатиб келаётган Эронга ҳос хатти-ҳаракатдир”.

Душанба куни Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод агар наф бўлмаса, Теҳрон Халқаро атом энергияси агентлигига аъзолик ва Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик шартномасидан чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди:

“Бизнинг сиёсат атом қувватидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш. Бизнинг сиёсат Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик шартномаси ва Халқаро атом энергияси агентлиги доирасида фаолият юритишдир. Агар бу борада бизнинг ҳуқуқимиз бузилса ёки улар бизни қабул қилишни хоҳламаса, биз ўз сиёсатимизни қайта кўриб чиқамиз”.
Эрон бўйлаб телевидение орқали кўрсатилган матбуот анжуманида Аҳмадийнажод Эрон махфий тарзда ядровий қурол яратишга уринаётгани ҳақидаги Ғарб давлатлари иддаосини рад этди.

Сешанба куни Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Али Ларижоний агар БМТ Хавфсизлик кенгаши мамлакатга нисбатан санкция жорий қилса, Теҳрон Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорликни тўхтатиши ҳақида огоҳлантирди:

“Агар санкциялар жорий қилсангиз Эрон Халқаро атом энергияси агентлиги билан алоқаларни тўхтатишини мен аниқ ва очиқ айтдим. Санкция натижаси шундай бўлади. Бу муаммони хал этишда ёрдам берадими? Агар сиз Эроннинг ядро дастури халқаро келишувлар доираси бўлишини хоҳласангиз, Эрон билан ана шу шартнома доирасида келишувга эришишингиз керак бўлади. Сиз бизга нима қилишимиз кераклигини ўргата олмайсиз”.

Теҳронда сўзлаган Эроннинг бош музокарачиси Ларижоний, агар Ғарб давлатлари Эронга нисбатан кескин чоралар кўрса, Эрон ўзининг ядровий дастурини яширин ҳолда амалга оширишга киришиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Бироқ сешанба куни АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари Эрон ядро дастурини амалга ошириши мумкин аммо ядровий қурол яратмаслиги керак, деган фикрда эканини айтди:

“Эрон режими ядро қувватидан тинчлик мақсадларида фойдаланишни хоҳлашини айтган. Эрон атом қувватидан тинчлик мақсадларида фойдаланиши мумкин. Бироқ Эрон тинчлик мақсадларини кўзлаган дастур ортида ядро қуроли яратиш технологияларига эга бўлишини ҳеч ким хоҳламайди”.

Халқаро атом энергияси агентлиги 28 апрел куни БМТ Хавфсизлик кенгашига ҳисобот беради. Шундан сўнг, Теҳронга босимни кучайтириш масаласида муштарак сиёсат юритиш учун Кенгаш аъзолари ўртасида музокара бошланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG