Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:18

Юқори лавозимли АҚШ расмийларининг Бағдодга кутилмаган ташрифи


Сўнгги кунларда Ироқда янги ҳукумат тузиш йўлидаги уринишлар давом этмоқда. Ана шу жараённи қўллаб-қувватлаш мақсадида чоршанба куни АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд, бир неча соат ўтиб эса Давлат котиби Кондолиза Райс Бағдодга келди. АҚШнинг икки юқори лавозимли расмийси Бағдодда Ироқ сиёсатчилари билан музокара олиб бормоқда.

АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Ироқда янги ҳукумат тузиш йўлида олиб борилаётган ҳаракатлар тарихий воқеа эканини айтди.

“Биз муҳим босқичдан, яъни, Ироқ янги суверен ҳукуматини тузиш босқичидан ўтяпмиз. У ўтиш даври ҳукумати эмас, у муваққат ҳукумат ҳам эмас, у Бошқарув кенгаши ҳам эмас. У ҳукумат - Ироқ ҳукумати. Бу суверен ҳукумат ва унинг муваффақиятга эришаётгани катта тассурот қолдиряпти”, - деди АҚШ Мудофаа вазири.

Доналд Рамсфелддан кейин Европа давлатларига сафар қилаётган АҚШ Давлат Котиби Кондолиза Райс ҳам Туркиядан Бағдодга учиб борди. АҚШ давлат котиби Ироққа келиши билан ҳеч қандай баёнот бермади.

Юқори лавозимли АҚШ расмийлари ташрифидан бир неча кун олдин, 22 апрел куни Ироқ парламенти аъзолари шиа сиёсатчиси Жавад ал-Маликийни Бош вазири этиб сайлаган ва унга биринчи конституцион ҳукуматни тузиш вазифаси топширилган эди. Ҳозирда вазирлар лавозимига кимлар тайинланиши муҳокама қилинмоқда. Вашингтон расмийлари янги ҳукумат тузиш жараёнини тугатиб, миллий бирлик ҳукумати тезроқ эълон қилиниши борасида Ироқдаги барча сиёсий гуруҳларга босимни кучайтирмоқда.

Ал-Маликий янги ҳукумат қисқа фурсатда тузилишига умид билдирди. 25 апрел куни у янги ҳукумат аъзоларини танлаш учун икки ҳафта вақт керак бўлиши ҳамда вазирлик лавозимини муносиб шахслар эгаллашини билдирди.

Аксарият ироқликлар янги ҳукуматнинг асосий вазифаси мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ҳамда иқтисодий ривожланишни таъминлашдан иборат бўлиши керак, деган фикрда. Мосул шаҳрида яшовчи аҳоли вакиллари Озодлик радиоси мухбирига ўз истакларини бундай изҳор қилди:

“Биз, худо хоҳласа, янги ҳукумат биринчи навбатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатади, деган умиддамиз. Бу ҳукуматнинг устивор вазифаси бўлиши керак. Иккинчидан, Ироқда кундан кунга оғирлашиб бораётган ишсизлик муаммосини ҳал қилиш керак бўлади”.

Мосулда яшовчи бошқа фуқаро эса Озодлик мухбирига бундай деди:

“Катта қурбонлар берган мазкур давлат нефт, газ, озиқ-овқат билан таъминланган бўлиши керак. Одамлар бошпана ва хавфсизлик билан таъминланган бўлиши керак”.

Ироқ раҳбарлари билан сўзлашув олиб борганидан сўнг Доналд Рамсфелд ва Кондолиза Райснинг чоршанба куни кечқурун Бағдоддан жўнаб кетиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG