Линклар

Кечиккан, аммо долзарб ҳисобот

  • Замира Шукур

24 апрель куни ЕХҲТнинг демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси 2005 йил сентябрь-ноябрь ойларида Андижондаги қонли воқеаларнинг асосий айбдорлари ҳисобланган 15 киши устидан борган суд жараëнига доир ҳисоботини эълон қилди.

95 саҳифадан иборат мазкур ҳужжатда ЕХҲТнинг суд жараëнини кузатган мутахассислари унинг адолатли судлов мезонларига мос эмаслиги борасида хулосага келгани айтилади.

“Озодлик” мухбири ЕХҲТнинг демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси матбуот котиби Урдур Гуннарсдотир билан суҳбатда дастлаб ўтган йилнинг 14 ноябрида тугаган мазкур суд жараёнига оид ҳисобот нега бунча кеч эълон қилингани билан қизиқди.

“Бунинг бир қанча сабаблари бор, аммо улардан асосийси шуки, биз Ўзбекистон расмийларидан судга оид далилий маълумотларни олиш учун бир неча ой кутишга мажбур бўлдик. Шу боис, ҳисоботни кечикиб эълон қилдик”, - деди У.Гуннарсдотир.

Хўш, 13 май Андижон воқеаларини уюштиришда айбланган 15 киши устидан ўтган суд жараёни айнан қайси жиҳатлари билан ЕХҲТ кузатувчилари хавотирига сабаб бўлди?

У.Гуннарсдотирнинг сўзларига кўра, ЕХҲТ кузатувчилари судланувчилар билан бевосита учраша олмаган, шундай бўлса-да, ҳисобот уларнинг имкон доирасида тўплаган муҳим кузатишларига асосланади.

“Судга оид ҳар қандай ахборотни олиш ўта оғир кечди ва шу сабабли биз жараëннинг барча жиҳатларини тўлиқ қамраб олдик, деган даъвони қилмаяпмиз. Кузатувчиларимиз судланувчилар билан бевосита гаплаша олмади, улар судланувчиларнинг қўйилган айбларга иқрор бўлишга мажбур қилинган-қилинмаганини мустақил равишда текшира олмади, судланувчилар ҳимоячилари билан алоқа қилиш ҳам ўта оғир бўлди ва ҳатто суд тугагандан кейин ҳам унга доир ахборот олиш қийинлигича қолди. Ана шуларнинг бари суднинг адолатли ўтганига шубҳа билан қарашимизга асос бўлади”, - деди Урдур Гуннарсдотир.

ЕХҲТнинг расмий сайтида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг мазкур ҳисоботга йўллаган 15 саҳифалик жавоби ҳам инглиз ва рус тилларида ҳисобот матни билан ёнма-ён жойлаштирилган.

Расмий Тошкент жавобида айтилишича, Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ дастлабки тергов ва суд давомида айбланувчилар билан фақат терговчи, прокурор ва судья ҳимоячи иштирокида учрашиш ҳуқуқига эга. Ноҳукумат ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТнинг демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси кузатувчилари айбланувчилар билан бевосита учрашиш ҳаққига эга эмас.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ТИВ жавобида судланувчилар иқрорининг қийноқлар остида олинган бўлиш эҳтимоли ҳам қатъиян инкор этилади, бунинг судланувчилар ўз оғзидан янграгани ҳам эслатилади.

Ҳақиқатан ҳам сентябрдан ноябрь ўртасига қадар чўзилган суд жараëнида 15 айбланувчининг бари оғир жиноятларга ўз оғзи билан иқрор бўлган ва судьянинг тергов давомида мажбурлаб кўрсатма олиш ҳоллари бўлган-бўлмаганига оид саволига уларнинг бари бир овоздан “йўқ”, деб жавоб берганди. Шунингдек, улар тергов жараëнида кўрсатма ва иқрор олиш учун тазйиқ ўтказилдими, деган саволга ҳам шу тахлит жавоб берган, ўз айбларига тўла иқрор бўлганди.

“Айни ана шундай ëдлаб олинганга ўхшаш иқрорлар бизнинг кузатувчиларимизни жиддий ташвишга солди, - дейди У.Гуннарсдотир.- Мустақил кузатувчиларнинг айбланувчилар билан бевосита учрашиши ўта муҳим. Фақат шу йўл билан биз уларнинг иқрорга мажбурланган ëки мажбурланмаганига оид ҳақиқатни ойдинлаштиришимиз мумкин. Аммо Ўзбекистон ҳукуматидан бу борада фақат рад жавоби олдик ва айни шундай раддиянинг ўзи бизни жиддий хавотирга солади”.

Ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларининг асосий айбдорлари устидан суднинг “халқаро ҳуқуқ меъёрлари бўйича адолатли судлов сифатида тан олиниши учун бир қанча тавсияларга риоя этмоғи лозимлиги” қайд этилади.

Бу тавсияларга кўра, 14 ноябр куни 15 судланувчи устидан чиқарилган ҳукм уларнинг адолатли судлов ҳуқуқи бузилгани асосида бекор қилиниши, шундан сўнг мустақил бетараф тергов хулосалари асосида улар қайта судланиши лозим. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукуматидан адолатли судловнинг халқаро маъëрларини яхшилаб ўрганиб чиқиш, Ўзбекистон Олий судидан эса Андижон воқеалари муносабати билан судланаëтганлар олдига тергов шароитларини ўрганиш учун халқаро кузатувчилар киришига рухсат бериш сўралади.
XS
SM
MD
LG