Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:42

Ўзбекистон чернобилчилари. Улар бугун қандай яшамоқда?


Басира Чернобил атом электр станциясида юз берган ҳалокат оқибатларини тугатишга жалб этилган минглаб кишилар орасида эндиликда мустақил Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор эди.

Бухоро вилоятининг Когон туманида яшовчи Нодира опа 3 йилдан буён Украинага хат ёзиш билан овора. Унинг турмуш ўртоғи Фатхулло Бозоров Чернобил АЭСдаги авариядан кейинги тозалаш ишларида 6 ой иштирок этган. Соғлигини йўқотган, полиартрит касалига йўлиққан Ф.Бозоровга Чернобилда ишлагани ҳақида маълумот тақдим этмагани сабабли нафақа тўлаш тўхтатилгани опанинг сарсон-саргардон бўлишига сабабдир.

“Биз ҳам, мудофаа ишлари бўлими ҳам Украинага сўровнома ёздик. Жавоб йўқ. Ҳозир Чернобилнинг ўзи бўлмаса... Эримга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмайди, у соғлигини йўқотган. Ҳарбий билетида ҳақиқатан ҳам Чернобил АЭСда хизмат қилгани ҳақида муҳр бор. Энди Украинага бориб маълумотнома олиб келмайман-ку”, - дейди Нодира опа.

Бухоро шаҳри чернобилчилари уюшмаси раҳбари ўринбосари Қаҳрамон Қиёмов ҳам Чернобилда тозалаш ишларида иштирок этган.

“Бизни ҳарбий қўмитага чақириб, Сочига бутуниттифоқ қурилишга борасизлар, деб алдашди. Ҳамма кўриклардан ўтганимиздан кейин Чернобилга боришимиз айтилди. Биз ўз истагимиз билан борганимиз йўқ-ку. Бухоро шаҳрининг ўзидан 150 киши кетган эдик”,- дейди Қ.Қиёмов.

Қ.Қиёмов бухоролик 150 киши қаторида 4 ой давомида Чернобилда ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашди. АЭСдан 100 километр узоқликдаги ҳарбий қисмда яшади.

“Биз қўрғошин билан ўралган вагонга кирар эдик. Икки киши кириб, бир дақиқа ичида чиқиндини олиб чиқишга улгуриши керак эди. Кунига 3 марта чўмилиб, кийим алмаштирардик”, - эслайди Қ.Қиёмов.

Қ.Қиёмовнинг ҳам саломатлиги яхши эмас. У давлат томонидан берилган ёрдам камайганини айтади. Буни эри Чернобилда ишлаган Нодира опа ҳам тасдиқлади.

“Илгари вақтига ёрдам - дори, маҳсулотлар берилар эди. Йилига бир марта ёрдам пули ҳам бор эди. 2 йилдан буён шу нарсалар йўқолиб кетди”, - куюнади Нодира опа.

Бир неча йилдан буён чернобилчиларнинг фарзандлари билан ишлаётган катта инспектор Лариса Каньшинанинг айтишича, чернобилчиларнинг қизларида тўхтамасдан қон кетиш ҳолатлари учрайди. Оққон касалига дучор бўлганлар кўп. Дорилар жуда қиммат. Даволаниш учун барча имтиёзлар бекор қилинган. Илгари 50 фоиз имтиёз бор эди.

Қачонлардир ўзи ҳақида чернобилчи сифатида ғурур билан гапирган қаҳрамонлар бугун бош эгиб, турли ташкилотлар эшиклари олдида мурувват кутиш билан овора. Нодира опа эса Украинадан Чернобилда тозалаш ишларида ишлаган турмуш ўртоғи ҳақидаги тасдиқ хатини кутмоқда.
XS
SM
MD
LG