Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:13

СССРнинг гўрини Чернобил қазганди


Нафақат Чернобил атом электр станциясида юз берган ҳалокатнинг ўзи, балки собиқ совет ҳукуматининг бу фожеа ҳақида вақтида хабар бермагани ҳам бутун дунëни хайратда қолдирган эди.

“Чернобил АЭСда ҳалокат юз берди. Атом реакторларидан бири ишдан чиқди. Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш мақсадида тегишли чоралар кўрилмоқда. Жароҳат олганларга ëрдам кўрсатилмоқда, ҳукумат комиссияси тузилган”.

Бу Чернобилдаги атом электр станциясида юз берган фожеа ва реакторлардан бирининг портлаши натижасида радиоактив моддалар ҳавога тарқала бошлаганидан роппа-роса икки кун ўтиб, 1986 йил 28 апрель куни совет телевидениеси томонидан эфирга узатилган янгиликлар дастурида берилган маълумот эди.

Фожеа минглаб одамлар ҳаëтига зомин бўлди, атроф-муҳит ва мамлакат иқтисодига мисли кўрилмаган зарар етказди.

Собиқ совет ҳукуматининг ўша пайтдаги раҳбари Михаил Горбачев ошкоралик стратегиясини эълон қилганидан бир йил ўтиб, Чернобил фожеасининг юз бергани ва ҳукуматнинг бу ҳақда оғиз очмагани ошкораликнинг қуруқ сўздан бошқа ҳеч нарса эмаслигидан далолат берарди.

АЭСдаги реакторлардан бирининг портлагани ва заҳарли моддалар ҳавога тарқалаëтганини билмаган, тушуниб етмаган ўша атрофда яшайдиган аҳоли кундалик ҳаëтини давом эттирарди. Одамлар ишга қатнар, болалар кўчада ўйнар, дўконлар эса мижозлар учун очиқ эди.

Одамларни хавфли ҳудуддан кўчириш ишлари бир неча кундан кейингина бошланди.

Москвадаги Карнеги маркази ходимаси Маша Липман “Озодлик”ка берган интервьюсида Чернобил фожеаси Михаил Горбачев фаолиятини қоронғуликка етаклаган омиллардан бири бўлганини таъкидлади.

“У ўшанда шундай қарор қабул қилдики, на ўзи ва на атрофидагилар буни режимнинг қулаш эҳтимоли, коммунистик тузумнинг дарз кетиши ва шу каби бошқа натижаларга олиб келишини билмас эди. Албатта, Горбачев ўшанда бу ҳодиса ўтади-кетади қабилида ҳаракат қилди, аммо унинг ўша пайтда қабул қилган вақтинчалик қарорлари кейин қандай оқибатга олиб келишини ўзи ҳам англамасди”, - дейди Маша Липман.

Чернобил фожеаси ҳақидаги илк хабарлар оинаи жаҳон юзини кўриши билан Кремль Ғарб мамлакатлари ҳукуматларини фожеа оқибатлари ва олиб борилаëтган ишлардан хабардор қилиб турди.

Собиқ Совет Иттифоқининг Буюк Британиядаги элчиси ўша пайтдаги бош вазир Маргарет Тэтчер билан ўтказган учрашувидан сўнг журналистлар томонидан сўроққа тутилганди.

Журналистлардан бирининг: “Чернобил фожеаси ҳақида ҳукуматингиз бутун дунëга вақтида хабар бермаганидан Тэтчер хоним ғазабландими”, - деган саволига Замятин: “Йўқ. Биз Буюк Британия ҳукуматига Чернобил фожеаси ҳақида бугун эрталаб расмий хабар бердик. Биз ҳозиргина ушбу муаммо борасида бош вазир билан суҳбатлашдик”, - деб жавоб қайтарганди.

Элчи ўшанда Совет Иттифоқи Буюк Британиядан ëрдам сўрамагани, аммо М.Тэтчер ҳукумат кўмагини тавсия этганини маълум қилганди.

Беларуслик Светлана Алексеевич фожеа ҳақида ëзилган “Чернобил. Келажак хроникаси” китоби муаллифи.

Беларусь ёзувчиси бундай ёзганди: “Станция ëняпти, бу ҳақда Горбачевга ҳисобот бериляпти, Горбачев эса у ерга атом бомбаси бўйича энг кучли мутахассисларни жўнатади. Улар эса ҳаттоки соқол оладиган устараларини ҳам олмасдан ëнаëтган АЭСга қараб йўлга тушади. Ҳаттоки уларнинг ўзи ҳам у ерда нима бўлганидан бехабар эди. Горбачевдан Чернобил фожеаси ҳақида сўралганида, у халққа қараб: “Нимани истаяпсизлар, мен мудофаа расмийлари билан буни муҳокама қилдим, улар атом бомбаси синовида қатнашган. Улар менга атом бомбаси синовидан икки соат ўтиб, портлаш юз берган жойда бир стакандан қизил вино ичганини айтди. Шунинг ўзи етарли. Ҳаммаси жойида бўлади”, - деб айтди”.

М.Горбачев Чернобил фожеасини қанчалик яширишни истамасин, фожеа собиқ совет ҳукуматининг ташқи дунë билан курашни бой берганидан далолат эди.

Мазкур фожеа собиқ совет ҳукуматининг дунë ҳамжамияти томонидан танқид қилинишига ва мамлакат ичида ўзгаришлар юз беришига сабаб бўлди. Айримлар эса Чернобил фожеасини собиқ совет тузумининг қулашига сабаб бўлган асосий омиллардан бири ҳисоблайди.
XS
SM
MD
LG