Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:08

ШҲТ ҳарбийларининг шашти баланд


Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг 26 апрель куни Пекинда бўлиб ўтган учрашуви шов-шувли баёнотлар учун саҳна бўлиб хизмат қилди.

Жумладан, Россия мудофаа вазири 2007 йилда Россия ҳудудида ушбу ташкилотга аъзо олти давлат иштирокида кенг кўламли ҳарбий машқлар ўтказилишини эълон қилди.

Ташкилотнинг асосий устунлари бўлган Россия ва Хитой Ўзбекистон билан ҳарбий алоқаларни кучайтириш ниятини билдирди.

25 апрель куни Хитой ва Ўзбекистон мудофаа вазирлари ўзаро ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш ваъдаларини берди.

Ўзбекистон мудофаа вазири Руслан Мирзаев билан учрашуви давомида Россия мудофаа вазири Сергей Иванов Россиянинг Краснодар вилоятида ўтказилажак Россия -Ўзбекистон қуролли кучлари иштирокидаги ҳарбий ўқув амалиётларига жиддий тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.

Мажлис кун тартибидаги ҳарбий масалалардан ташқари бир неча сиёсий баёнотлар ҳам янгради.

Ўзбекистон томони Эронни ҳимоя қилиб чиқди. Қирғизистон эса АҚШнинг “Ганси” ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариб юбориш эҳтимоллари борасида қатъий баёнот қилди.

Эслатиб ўтамиз, ШҲТнинг ўтган йили Остонада бўлиб ўтган анжуманидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати америкаликларни Қаршидаги Хонобод ҳарбий ҳаво базасидан қувиб чиқарганди.

ШҲТ ҳеч бир давлатга қарши қаратилмагани бот-бот таъкидланса-да, мазкур ташкилотдан аксилғарб иси келади. Ўз ҳарбий йўналиши билан ташкилот ташқи дунёга тишларини ҳам кўрсатаётгандек таассурот қолдирмоқда.

Вашингтонда яшовчи ўзбек таҳлилчиси Абдуманноб Пўлатов ШҲТ ҳарбий-сиёсий блокни эслатишини таъкидлади.


“Бу ташкилот Вашингтон манфаатларига зид. Аммо ШҲТдаги асосий ўйинчилар Россия ва Хитой минтақадаги ҳарбий ҳамкорлик масалаларига эътибор бериш билан бир қаторда АҚШдан фарқли ўлароқ, минтақага сармоя ҳам киритаётганини тан олиш керак”, - дейди А.Пўлатов.

Вашингтондаги Жаҳон хавфсизлиги институти таҳлилчиси Александр Григорьевнинг фикрича, айни пайтда ШҲТга бирлашган давлатлар турли йўллар орқали ўз бирдамлигини ва якдиллигини намойиш қилиб келади.

“Ташкилотнинг қўшма аксилтеррор машқлари куч намойиш этишга уринишдир”, - дейди у.

ШҲТ билан Ўзбекистоннинг сўнгги яқинлашуви Андижон воқеаларидан бир йил аввал, ташкилотнинг Тошкентдаги йиғилишида кўзга ташланган эди. Ўшанда Президент Каримов: “ШҲТ тез суръатлар билан ўзгариб бораётган дунёда халқларимиз манфаати учун муносиб ўрин эгаллаш имконига эга”, - деганди.

Аммо Жаҳон хавфсизлиги институти таҳлилчиси А.Григорьев ШҲТга аъзо давлатлар сиёсати нуқтаи назаридан ташкилот оддий одамлар манфаатига хизмат қилиши мумкинлигига шубҳа билан қарайди.

“Бу Марказий Осиё давлатларини ҳарбий-сиёсий жиҳатдан бир ташкилотга жамлаган ягона тузилмадир. Бу нодемократик, авторитар, қолаверса, тоталитар давлатлар клуби бўлиб қолмоқда. Шунинг учун бу ташкилот одамлар манфаатларини эмас, авваламбор, ўз ҳокимиятини сақлаб қолишга интилаётган ҳукмрон тоифалар манфаатини акс эттиради”, - дейди А.Григорьев.

ШҲТ тузилганига 10 йил тўлган бўлса-да, ташкилот фақатгина сўнгги бир неча йилдан буён ўзига жиддий эътиборни тортмоқда.

Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо бўлган ушбу ташкилотга Мўғулистон, Покистон, Ҳиндистон ва Эрон кузатувчи мақомига эга.

Жорий ойда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Эрон 2006 йил ёзига қадар ШҲТга аъзо бўлиш ниятида эканини билдирганди.

Ушбу ташкилотга Эроннинг аъзо бўлиши уни Ғарб билан очиқдан-очиқ адоватга қўйиши мумкин. Аммо Эроннинг ШҲТга аъзолиги эҳтимоли борасида ҳозирча жимжитлик ҳукм сурмоқда.
XS
SM
MD
LG