Линклар

Марказий Осиё матбуотига назар

  • Ҳасанжон

Келаси ҳафта (3 май куни) Жаҳон матбуот эркинлиги куни нишонланади. Шу сана муносабати билан “Озодлик” радиоси мухбирлари туркум мақолалар тайёрлаган. Улардан дастлабкиси “Марказий Осиё давлатлари матбуотига назар” дея номланган. Даниэл Киммажнинг ушбу мақоласида минтақа давлатлари оммавий ахборот воситалари дуч келаётган қийинчиликлар ҳақида бирма-бир мухтасар сўз юритилади.

Журналистлар ва хорижлик кузатувчилар ҳукуматлари назоратида бўлган Марказий Осиё минтақаси давлатларидаги матбуот аҳволидан яхши хабардор.

Қозоғистонда ҳукуматни танқид қилган журналистлар ва матбуот органлари тазйиққа учраган. Қозоғистонда матбуот эркинми, деган саволга президент Нурсултон Назарбоевнинг қизи, йирик ахборот воситалари соҳибаси Дариға Назарбоева “Караван” газетасининг 21 апрель кунги сонида: “Қандай ёмон президентимиз бор. Биз қандай қилиб бутун матбуотни монополияга айлантира оламиз? Агар Қозоғистонда матбуот эркин ёки эркин эмаслигини билишни хоҳласангиз Олмаота кўчаларида беш дақиқа юрсангиз кифоя”, - дея жавоб берган. Дарҳақиқат, Қозоғистонда мухолифат нашрлари бор.

Бироқ омма фикрини шакллантириш имкониятига эга бўлган миллий телевидение ёки давлат назоратида ёки Назарбоевлар оиласига яқин доиралар томонидан назорат қилинади.

Кузатувчилар Марказий Осиё давлатларида сиёсий воқеалар Қирғизистон матбуотидаги каби ранг-баранг ёритилмайди, деган фикрда. 2005 йил март ойида президент Асқар Ақаев одамлар бостириб келганидан кейин эмас, мухолифат раҳбарлари телевидение орқали қилган чиқишидан кейин ҳокимиятни тарк этган. А.Акаев давридан кейин 2005-2006 йилларда мамлакатда таниқли сиёсатчиларга суиқасдлар қилингани, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказилмагани халқ норозилигига сабаб бўлаётгани республика матбуотида кенг ёритилмоқда.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Тожикистон матбуотида мамлакатдаги сиёсий воқеалар Қирғизистон матбуотидаги каби кенг ёритилмайди. Қайта президент этиб сайланишни кўзлаётган Имомали Раҳмонов мамлакатни 2020 йилгача бошқариши мумкин. Сўнгги йилларда у ана шу мақсад сари интилмоқда. Ўз навбатида, бу Тожикистон матбуотига ҳам таъсир этмоқда.

Тожикистонда фуқаролар уруши тугаганига 2007 йилда 10 йил тўлади. Ҳукумат телевидение ва матбуотни назорат қилиб келмоқда. Айни пайтда республикада фаолият юритаётган бир нечта майда мустақил газета ва журналлар янги нашрни чоп эттириш ва уни газетхонларга тарқатишда катта қийинчиликларга дуч келмоқда.

Туркманистонда эса барча нашриёт ва оммавий ахборот воситалари ҳукуматнинг қаттиқ назоратида. Барча ахборот воситалари президент Сапармурот Ниёзовни улуғлаш ва унинг бошқаруви остида Туркманистон олтин даврни бошидан кечираётганини мақташ билан овора. Айни пайтда Туркманистон ахборот воситалари президент Ниёзов баёнотлари ва яна ким юқори лавозимдан бўшатилгани ҳақидаги хабарларни бериб бормоқда. Масалан, 24 апрель куни президент Ниёзов собиқ Бош прокурор Қурбанбиби Отажоновани коррупцияга муккасидан кетганликда айблаганида у президентдан ўтиниб кечирим сўраган. Отажонова прокурорлик фаолияти давомида кўплаб ҳамкасбларини жавобгарликка тортгани айтилади.

2005 йилда рўй берган Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон матбуотида Ғарбга қарши кайфиятлар анча кучайди. Ҳукумат расмийлари Ғарб ахборот воситаларини “ахборот хуружи” орқали Ўзбекистон барқарорлиги ва суверенлигига путур етказаётганликда айблади. Оммавий ахборот воситалари мамлакатнинг геосиёсий йўналиши Россия ва Хитойга қаратилгани ҳақида тушунтиришлар бериб бермоқда. Айни пайтда Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларида коррупция ва айрим иқтисодий қийинчиликлар ҳақидаги маълумотлар берилмоқда.
XS
SM
MD
LG