Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:17

Гурас, гурас ўзбеклар, йўл олар шимол ёққа


Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматидан олинган маълумотларга қараганда, 27 апрель куни Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида ўзбекистонлик 65 ноқонуний мигрант қўлга олинган.

Икки давлат ўртасидаги чегаранинг Сариоғоч ўтказиш-назорат масканида ўзбекистонлик 34, украиналик бир ҳамда россиялик бир фуқаро қўлга олинган.

“Интерфакс” ахборот агентлигининг МХҚ Чегара хизмати матбуот котибига таяниб хабар қилишича, тилга олинган 36 киши чегаранинг ўтиш мумкин бўлмаган жойидан ўтаётган пайтда ушланган.

Ўзбекистон фуқароларидан яна 29 киши 26 апрель куни чегаранинг Интимоқ ўтказиш-назорат масканида қўлга тушган эди.

Бу 27 апрель куни “Интерфакс” тарқатган маълумот. Бироқ унга 26 апрель куни “Озодлик” мухбиридан олинган маълумотлар қўшилса, икки-уч кун ичида Қозоғистонда қўлга олинган ўзбекистонликлар сони бир неча мартага ортиб кетади.

“Озодлик” мухбирига маълум бўлишича, куни-кеча Жанубий Қозоғистон вилояти ички ишлар департаменти, МХҚ вилоят бошқармаси ҳамда Чегара хизмати вилоят бошқармалари ҳамкорликда рейд ўтказган.

Рейд давомида сариоғочлик 4 кимса тунда қўлга олинган. Текширув давомида уларнинг ёнидан Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Россия фуқароларига тегишли 500 дан зиёд паспорт топилган.

“Паспорт эгаларининг биронтасида ҳам Қозоғистон ҳудудига кириш учун рухсатнома вазифасини бажарувчи миграция варақчаси бўлмаган. Қўшни давлатлар фуқароларининг ноқонуний равишда Қозоғистонга киришини уюштирган фуқаронинг шахси аниқланяпти, унга нисбатан жиноят иши очилади”, - дейди Жанубий Қозоғистон вилояти миграция полицияси бошлиғи Болтабек Абилаев.

Рейд давомида юқорида тилга олинган паспортларнинг эгалари ҳам топилган. Ўзбекистонлик ва тожикистонлик беш юздан ортиқ фуқаро чегара ҳудудидаги Хўжахон овулидаги икки хонадонга жойлаштирилган экан. Улар орасида олтмишдан ортиқ аёл ҳам бор. Кўпчилигининг қўлида бола.

Ўзига хос лагерга айланган икки хонадондан бирининг соҳиби бу ишни пул топиш учун қилганини билдирди.

Жанубий Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўтказган рейд пайтида қўлга тушган ўзбекистонликлар аслида Россияга кетмоқчи эканини, қозоғистонлик тўрт йўл кўрсатувчи уларни мамлакатнинг жанубий чегарасидан шимолий чегарасигача етказиб қўймоқчи бўлганини айтган.

Йўл кўрсатувчилар ҳар бир мигрантдан хизмат ҳақи сифатида 100 доллардан олган. Айни пайтда йўл кўрсатувчилар устидан жиноят иши очилган. Қўлга тушган 530 киши эса ватанига қайтарилади.

Мана шу воқеалар жараёнини кузатиб туриб, бир қанча саволлар туғилади.

Биринчидан, маълум бўляптики, ўзбекистонлик ва тожикистонликлар Қозоғистон ҳудудига ўтгач, миграция варақчаларини тўлдирмаган ва мана шу ҳолат уларнинг ортга қайтарилиши учун етарли асос бўлади. Хўш, нега керак Қозоғистон расмийларига бундай расмиятчилик?

Иккинчидан, ўзбекистонликлардан ўн минглаб, юз минглаби мамлакатдан ташқарида, хусусан, Қозоғистон ва Россиядан иш излаб юргани ҳеч кимга сир эмас. Бас, шундай экан, расмий Тошкент Остона ва Москва билан келишиб, ўз фуқароларининг тақдирини енгиллатса бўлмайдими?

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев шу каби саволлларга жавоб бериб, аввало, миграция варақчалари масаласига тўхталар экан, Қозоғистон қўшнилар учун 90-йилларнинг бошларида транзит йўл бўлганини, кейинги йилларда эса иқтисодиёти ривожланиб, мигрантларга иш жойи бера оладиган мамлакатга айланиб қолганини таъкидлайди.

“Ана шундай шароитда миграция варақчаларини жорий этиш расмийлар назарида ноқонуний миграцияни тартибга солишга ёрдам бериши мумкин бўлган чоралардан бири эди. Чунки ҳукумат ҳар йили қўшни давлатлардан мутахассис ва ишчиларни жалб этиш бўйича квоталар белгиласа-да, келаётганлар сони ўша квоталардан анча кўп. Шунинг учун ҳам бу масалада ҳукумат кейинги йилларда кескин чоралар кўряпти”, - дейди сиёсатшунос.

Ахир Россия ҳукумати ҳам миграция варақчаларидан самара йўқлигини тан ола бошлади-ку?! Турли расмиятчиликлардан узоқ оддий ишчининг бошини оғритишнинг нима кераги бор?

Д.Сапаевнинг айтишича, агар гап ноқонуний мигрант ишчилар устидан назорат ўрнатиш тўғрисида борадиган бўлса, миграция варақалари самарасиз. Бундай варақалар эмас, балки мигрант ишчиларга енгиллик яратиш учун давлатлараро комплекс чоралар кўрилиши керак.

Сиёсатшунос нима учун ўшандай чоралар (масалан, Тошкент ва Остона ўртасида) кўрилмаётгани ҳақидаги саволга жавоб бериб: “Гап шундаки,
Ўзбекистон раҳбарияти Қозоғистонда меҳнат қилаётган мигрант ишчиларни мигрант ишчи сифатида тан олмайди. Агар Ўзбекистон раҳбарияти минглаб, ўн минглаб фуқаролари мамлакатдан ташқарида иш излаб юрганини тан олгудай бўлса, бу ҳолат Ислом Каримов тинимсиз айтиб келаётган, аслида эса ўзи йўқ иқтисодий ислоҳотларни обрўсизлантирувчи зарба бўлган бўлур эди”
, - деди.
XS
SM
MD
LG