Линклар

Сардорбек жазони манзил колониясида ўтайди


Басира 26 апрель куни Москва шаҳрининг Кузьмин тумани суди Ўзбекистон фуқароси Сардорбек Сиддиқовни бир йилга озодликдан маҳрум этди. У “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига аъзоликда айбланди.

С.Сиддиқов 1981 йилда туғилган, Ўзбекистоннинг Андижон вилоятидан. У ўтган йилнинг 14 октябрида Москвада “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига аъзоликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Москвада Сардорбек турмуш ўртоғи Матлубахон билан истиқомат қилган, киракашлик билан тирикчилик ўтказган. Эри ҳибсга олингандан кейин Матлубахон ҳам ушланиб, Ўзбекистонга депортация қилинганди.


Сардорбек Сиддиқов иши бўйича суд қарори ишни судда кўрмасдан қабул қилинди. Бунга Сардорбекнинг ўзи томонидан берилган илтимоснома сабаб бўлган.

Кузьмин тумани суди судьяси Дмитрий Монекин С.Сиддиқов жазони манзил колониясида ўташини маълум қилди.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” қўмитаси ходимаси Елена Рябининанинг сўзларига кўра, С.Сиддиқов ҳали Ўзбекистондалигидаёқ “Ҳизб ут-таҳрир” аъзоси бўлган. Кейинчалик ота-онаси уни мажбурлаб кечирим сўраш учун ҳуқуқ-тартибот органларига олиб борган.

“2000 йилда Россияга келган. Маълум вақт ҳеч қандай фаолият олиб бормаган. Кейинчалик турли адабиётлар тарқатган. У қандайдир гувоҳлар кўрсатмасига асосан ушланган. Бироқ тергов ҳужжатларида гувоҳлар сирлилигича қолган. У ўз айбини тан олгани сабабли жазо муддати оз берилган бўлиши ҳам мумкин”, - дейди Елена Рябинина.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” қўмитаси ва “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази мониторингига кўра, Россияда айни пайтда Сардорбекникига ўхшаш айбловлар билан 19 та суд қарори чиқарилган. Унга асосан 49 фуқаро судланган, улардан 32 нафари озодликдан маҳрум қилинган.
XS
SM
MD
LG