Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:04

Россиядаги миллий жамоатлар ксенофобияга қарши бирлашмоқчи


Басира Россия арманлари иттифоқи шу йилнинг 4 ойида Россияда миллий ва диний асосда юздан ортиқ жиноят содир этилганини таъкидламоқда. Россия арманлари миллий жамоат ташкилотларини ксенофобия билан курашда бирлашишга чақираётир.

Москва метросида 17 ёшли Ваган Абрамянцнинг ўлдирилиши муносабати билан чақирилган матбуот анжуманида Россия арманлари иттифоқи ҳуқуқ-тартибот органларининг мазкур жиноят маиший характердаги қотиллик экани ҳақида тахминларидан норози эканини билдирди.

“Биз доим бирор жиноятни оқловчи омилларни ўйлаб топиб, жиноятчининг айбсизлигини исботламоқчи бўлишга уринамиз. Маиший асосда бўлса, одам ўлдириш мумкин экан, деган хулоса келиб чиқмайдими? Демак шаҳар марказида қизни хафа қилгани учун одам ўлдириш мумкин эканда? Билмадим, ким бизни бунга ўргатмоқда”, - деди Россия арманлари иттиқофи раҳбари Ара Абрамян.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев Россияда ирқчилар ҳужумига учраган ўзбеклар ҳам талайгина эканини маълум қилди. Унинг айтишича, 2-3 кун олдин ҳам метрода бухоролик йигит калтаклаган. Бу ҳолатни кўриб турган милиция ходимлари эса ҳеч қандай чора кўрмаган.

“Ётоқ жойларида, масалан, ишлаётган жойида яшайдиган ўзбеклар ўзларини хавфсиз ҳисобламайди. Чунки шу биноларга ҳам ирқчилар кириб, уларни уриб, жароҳатлар етказяпти”, - деди Б.Ҳамроев.

“Тожикистонлик қочқинларга ва ишчи мигрантларга кўмак” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Гавҳар Жўраева Россияда миллатчилик муаммосини ечиш учун миллий жамоат ташкилотлари бирлашмаса, ҳеч қандай натижа бўлмаслигини таъкидлади.

“Миллий диаспоралар, асосан, маданий дастурлар билан шуғулланади. Менимча, бугунги вазиятда ҳимоя йўлига ўтиш ва Жамоатчилик палатасига чиқиш керак. Миллий жамоатлар ташкилотлари фаолиятида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қирралари бўлиши лозим”, - деди Г.Жўраева.

Матбуот анжуманида Ара Абрамян яқин кунларда Россияда фаолият юритаётган миллий ташкилотлар иштирокида давра суҳбати ўтказиш режалаштирилганини маълум қилди. У миллий жамоат ташкилотларининг муваффақиятли ҳамкорлигига мисол тариқасида Краснодар вилоятида арманлар иттифоқи уч йилдан буён амалга ошираётган лойиҳани келтирди. Ара Абрамяннинг билдиришича, лойиҳа ишлай бошлаган қисқа даврда Краснодар ўлкасида ксенофобия кўринишидаги жиноятлар сони кескин камайган.
XS
SM
MD
LG