Линклар

ЕИнинг Туркманистон билан ҳамкорлик режаси танқидга учраётир

  • Ҳасанжон

Европа Иттифоқи Туркманистон билан энергия таъминоти бўйича шартнома имзолаш арафасида. ЕИнинг тегишли қўмитаси муҳокамасидан ўтган шартнома энди ташкилотнинг вазирлар кенгаши муҳокамасига қўйилади.

Бу режа танқидчилари ЕИнинг ўз энергия манфаатларини кўзлаб, бундай шартномани имзолаши “Марказий Осиёдаги энг репрессив давлатга демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласида ён босиш билан баробар” эканини айтмоқда.

Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган Бўҳронларни ўрганиш гуруҳи ЕИ режасининг энг катта танқидчиларидан биридир. Европарламентда ҳам Туркманистон президенти Сапармурот Ниёзов маъмурияти билан шартнома имзолаш таклифига қарши бўлганлар талайгина.

Улардан бири Германиядаги Яшиллар партияси вакили Чем Ўздемирдир.

“Туркманистон оддий давлат эмас. Туркманистон, афсуски, диктатор ҳукмрон бўлган дунёдаги энг ёмон режимлардан бири. Таркибида кўплаб сўлчи партиялар, социал-демократлар ва консерваторлар бўлган Европа парламентининг Туркманистонда рўй бераётган фожеага кўз юмиши истеҳзоли”, - деди Чем Ўздемир.

Европанинг кўплаб ширкатлари Туркманистон ҳукумати билан шартнома имзолаб, катта лойиҳаларни амалга оширмоқда. Масалан, Франциянинг “Буиг” компанияси ҳудуди, асосан, чўлдан иборат бўлган Туркманистонда қишки хоккей стадиони қурмоқда.

Очиқ жамият институтининг Туркманистон лойиҳаси ходими Эрика Дейли Европа Иттифоқининг Туркманистон билан шартнома имзолаши тузилма сиёсатига зид эканини таъкидлади.

“Савдо шартномаси Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини кескин танқид қилиб келган Европа Иттифоқининг аввалги сиёсатига мос келмайди. Бу Туркманистонга имтиёз таклиф қилганлик билан баробар”, – дейди Эрика Дейли.

Эрика Дейлининг сўзларига кўра, агар шартнома тасдиқланса, у Европа Иттифоқига бўлган ишончга путур етказади.

“Агар Европа Иттифоқи ҳеч қандай шартсиз савдо шартномасини тасдиқласа, бу диктатурага инсон ҳуқуқларини кенг кўламда поймол этиш ҳуқуқини берганлик билан баробар бўлади”, – деди Очиқ жамият институти вакили.

Чем Ўздемир ҳам юқоридаги фикрларга қўшилди. Унинг фикрича, Европа Иттифоқи Туркманистон билан нафақат шартнома имзоламаслиги, балки демократик ислоҳотлар ўтказиш борасида Ашхобод расмийларига босимни кучайтириши лозим.

“Биз Туркманистон раҳбариятига нисбатан қатъий ва аниқ позицияда бўлиб, Туркманистон халқи томонида туришимиз керак. Биз Туркманистон ҳақиқий демократик давлат ва цивилизациялашган дунёнинг бир қисми бўлишини хоҳлаётган туркманистонликларни қўллаб-қувватлашимиз зарур. Биз Туркманистон раҳбарларига ён босмаслигимиз лозим”, - деди Чем Ўздемир.

Европа парламентининг ташқи сиёсат ва савдо қўмиталари Туркманистон билан энергея ресурслари бўйича шартнома имзолаш таклифини тасдиқлаган. Энди бу масала Европа парламенти муҳокамасига қўйилади. Агар шартномани имзолаш таклифи у ерда ҳам қўллаб-қувватланса, уни Европа Иттифоқи вазирлар кенгаши рад этиши мумкин.
XS
SM
MD
LG