Линклар

logo-print

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси ва Германия вакиллари Парижда Эроннинг ядровий дастури масаласида учрашув ўтказмоқда

  • Ҳасанжон

БМТ Хавфсизлик кенгаши Эрондан уранни бойитиш ишларини 28 апрелга қадар тўхтатишни талаб қилиб резолюция қабул қилган эди. 29 апрел куни Халқаро атом энергияси агентлиги Хавфсизлик кенгашига Теҳрон расмийлари Кенгаш талабини бажармагани тўғрисида ҳисобот берди. Эроннинг ядровий дастури масаласида юзага келган бўҳронни муҳокама қилиш учун 2 май куни Парижда Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия вакиллари ўртасида учрашув бошланди.

АҚШ Давлат Котиби ўринбосари Николас Бернс агар Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатмаса, Эроннинг ядровий дастури хусусида Теҳрон билан музокара олиб бораётган Европа давлатлари Теҳронга нисбатан санкция жорий этиш таклифи билан чиқишига умид қилаётганини айтди.

Журналистлар билан суҳбатда Николас Бернс Эроннинг ядровий дастури масаласида юзага келган бўҳронни дипломатик йўллар орқали ҳал этиш мумкинлигини айтди:

“Биз муаммони дипломатик йўл орқали ҳал этиш умидини йўқотганимиз йўқ. Биз муаммони дипломатик сўзлашувлар орқали ечишимиз мумкин. Бироқ бу иккита нарсага боғлиқ. Биринчидан, бу Эрон ҳукумати уранни бойитиш ишларини тўхтатиши ва ядро қуролини яратиш дастуридан воз кечишига боғлиқ”.

АҚШнинг юқори лавозимли расмийси сешанба куни кечки пайт Парижда бошланадиган музокара олдидан шундай баёнот берди. Париж учрашувида АҚШ, Британия, Россия, Франция, Хитой ҳамда Германия расмийлари иштирок этмоқда.

Бернсга кўра, Британия, Франция ва Германия БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан Эрон томони бажариши мажбурий бўлган резолюция қабул қилишга розилик бўлдирган. Агар резолюция талаблари бажарилмаса, Эронга нисбатан санкция жорий этилиши ва хатто куч ишлатилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Эроннинг БМТдаги элчиси Жавад Зариф 1 май куни БМТ Бош котиби Кофи Аннанга мактуб йўллади. Унда Зариф БМТни Қўшма Штатлар Эроннинг ядро объектларга зарба бериш таҳдидига қарши туришга чақирди.

Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Сийн Мак Кормак душанба куни Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида Эрон элчисининг мактубига бундай муносабат билдирди:

“Бу халқаро ҳамжамият эътиборини асосий масаладан четга буриш йўлидаги навбатдаги уринишдир. Аслида, Эрон тинчлик мақсадларини кўзлаган дастур баҳона Эроннинг ядровий қурол яратишга уринаётганида”.

Сешанба куни Эроннинг Инқилоб посбонлари қўмондони Муҳаммад Иброҳим Деҳқоний агар АҚШ ҳарбийлари Эронга ҳужум қилса, Эрон биринчи бўлиб Исроилдаги объектларни нишонга олишига тахдид қилди. Бу хабарни Деҳқонийга асосланиб Эрондаги “ISNA” ахборот агентлиги тарқатди.

Айни пайтда, Эрондаги ахборот агентликларининг Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақийга асосланиб 2 май куни тарқатган хабарига кўра, Россия ва Хитой Эронга нисбатан санкциялар жорий этиш ёки ҳарбий зарба бериш таклифини қўллаб-қувватламаслиги тўғрисида Теҳронни расман огоҳ қилган.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш ваъзоси ва Германия вакиллари ўртасида сешанба куни кечки пайт бошланган Париж учрашуви ҳақидаги тафсилий маълумотларни келгуси дастурларимизда эътиборингизга хавола қиламиз.
XS
SM
MD
LG