Линклар

Ислом Каримовнинг Покистонга сафаридан асосий мақсад....

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2 май куни Покистонга бошланган расмий ташрифи давомида бир қанча муаммолар, жумладан, минтақавий барқарорлик ва икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон президенти ташриф олдидан Тошкент аэропортида берган интервьюсида икки мамлакат халқлари азал-азалдан дўстликда яшаб келаётганини алоҳида таъкидлади.

Покистонлик минтақашунос Аҳмад Рашид И.Каримов Ўзбекистоннинг Покистон билан азалдан дўст бўлиб келгани ҳақидаги фикрлари бироз муболаға эканини айтиб, унинг Исломободга ташрифидан кўзланган асосий мақсад айнан кейинги йилларда мураккаблашган алоқаларни яхшилашга қаратилганини таъкидлади.

“Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар шу пайтгача анча мураккаб бўлиб келган. Чунки Ўзбекистон Покистонни Ўзбекистон исломий ҳаракатига ҳомийлик қилишда айблаб келган. Ҳаракат етакчиси Тоҳир Йўлдошев Покистоннинг Вазиристон вилояти ҳудудларида экани маълум. Покистон армияси бу ҳаракатнинг кўплаб вакилларини зарарсизлантиргани ҳам сир эмас. Лекин Ўзбекистон хавфсизлик идораларига уларнинг жасади берилмаган, бундан ташқари, кейинги пайтларда Покистон қўлга олган ўзбек жангариларини сўроқ қилиш имконияти ҳам берилмаган. Шунинг учун, менимча, Исломободга келган Ўзбекистон раҳбарияти, биринчи навбатда, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш ва қўлга олинган жангариларни тергов қилиш имкониятларини муҳокама этади”, - деди А.Рашид

Иқтисодий ҳамкорлик масаласида эса кўпроқ Тошкент эмас, Исломобод манфаатдор. Айнан шу боис, Покистон президенти Парвез Мушарраф И.Каримовга Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари масаласида ён босиши мумкин, дея фикрини давом эттирди Аҳмад Рашид.

Унинг айтишича: “П.Мушарраф Ўзбекистон хавфсизлик идораларига қўлга олинган ўзбек жангариларини қайтариб беришга рози бўлиши эҳтимоли жуда юқори. Чунки Мушарраф Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни яхшилаш илинжида. Биринчидан, у Ҳиндистоннинг бу минтақадаги таъсирини сусайтиришни ҳам истайди. Биласиз, Ҳиндистоннинг Тожикистонда ҳарбий базаси бор ва барча Марказий Осиё давлатлари билан алоқалари яхши. Нефть ва газни сотиб олмоқда, Қозоғистон ва Озарбойжонда нефть ва газни қазиб олиш бўйича келишиб олган. Шунинг учун Мушарраф Ҳиндистоннинг таъсирини сусайтириб, Покистон ҳам ишончли ҳамкор эканини намойиш этишни истайди. Яна бир муҳим нарса, шу йилнинг ёзида Покистоннинг Балужистон вилоятида Гуадар порти ишга тушади. Бу порт эса айнан Марказий Осиё ва Афғонистон билан савдо қилиш мақсадларида қурилган. Гуадар порти орқали импорт ва экспортни йўлга солиш эса Исломобод учун Марказий Осий давлатлари билан яхши алоқаларда бўлиш ўта муҳимдир”.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин икки томонлама музокараларда террорчиликка қарши кураш ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилса-да, Ислом Каримов учун мазкур расмий ташрифдан асосий мақсад ўзининг халқаро сиёсат майдонида яккаланиб қолмаганини кўрсатиш, шунингдек, бу майдонда мустақил равишда ҳаракат қила олишини намойиш этишдан иборатлигини айтди.

“Исломободга боришдан мақсад Каримовнинг яқинда Сеулга боришдан кўзлаган мақсади билан бир хилдир. Ислом Каримов ўзининг ташқи сиёсатини мустақил равишда белгилай олишини намойиш этишга ҳаракат қиляпти. Бошқа томондан эса Жанубий Корея ҳам, Покистон ҳам, Индонезия ҳам Ўзбекистон раҳбари учун ўзининг мустақил сиёсатини белгилаш модели сифатида қизиқтириши мумкин. Мустақил деганимда Каримовнинг нафақат АҚШ ёки Ғарбдан мустақил бўлиши, балки Россиядан ҳам мустақил равишда ҳаракат қила олишга интилаётганини назарда тутяпман. Москва Тошкент билан иттифоқчилик бўйича келишиб олганига қарамай, билишимча, Россияда бу иттифоқчилликка шубҳа билан қараётганлар кўплаб топилади. Ўтмишдаги тажрибани эътиборга оладиган бўлсак, Ўзбекистон ўзига бошқа ҳомийларни қидиришни бошлаши эҳтимолдан холи эмас”, - деди Андрей Грозин.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Набим Ҳобяна “Озодлик” мухбири билан суҳбатда 2 май куни Ислом Каримов Покистон раҳбари Парвез Мушарраф, 3 май куни эса ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Шавкат Азиз билан учрашишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG