Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:12

Навбат “Каунтерпарт интернэшнл”га келди...ми?


1 май куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги АҚШнинг “Каунтерпарт интернэшнл” ташкилоти ваколатхонасини ёпиш тўғрисида Тошкент шаҳри фуқаролик судига ариза киритди.

ИТАР-ТАССнинг Адлия вазирлигидаги манбаларга таяниб хабар қилишича, “Каунтерпарт интернэшнл” фаолияти давомида Ўзбекистоннинг ички қонунларини мунтазам бузиб келганликда айбланмоқда. Жумладан, Адлия вазирлиги иддаосига кўра, “Каунтерпарт интернэшнл” маҳаллий ноҳукумат ташкилотларини тузиш баробарида лицензиясиз ноширлик фаолияти билан шуғулланган.

Бир неча кун муқаддам Ўзбекистонда Америка юристлар уюшмаси фаолияти ҳам шу каби айблар билан тўхтатилган эди. Ундан аввалроқ “Интерньюс нетуорк”, “Фридом ҳауз” каби ташкилотлар фаолиятига барҳам берилганди. Агар Тошкент шаҳри суди Адлия вазирлиги даъвосини қондирса, “Каунтерпарт интернэшнл” сўнгги олти ой ичида Ўзбекистонда ёпилган еттинчи халқаро ташкилот бўлади.

Ўзбекистонда чет эл ташкилотлари бирин-кетин ёпилаётган айни пайтда ҳукумат назоратида бўлган ўзбек матбуотида улар фаолиятини танқид этувчи мақолалар кўпайиб кетди. Жумладан, 27 апрель куни Ўзбекистон радиоси орқали берилган эшиттиришда Ғарб давлатлари молиясига ишлайдиган ташкилотлар айнан ўша давлатлар манфаатини кўзлаши, шундай экан, уларни ёпиш кераклиги ҳақидаги чақириқлар янгради.

Маҳаллий сиёсий шарҳловчи Иброҳим Норматовнинг “Ўзбекистон овози” газетасида босилган “Туҳмат тамғаси” мақоласида эса Ўзбекистонда фаолияти тугатилган “Евроосиё” жамғармаси ҳамда “Freedom нouse” ташкилотларига тўxтаб ўтилади.

“Баъзи бир xорижий давлатларнинг Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган ноҳукумат ташкилотлари ваколатxоналари ёпилганлиги туҳматчи иғвогарлар жазавасига сабабчи бўлди", - деб ёзилади мақолада.

“Евроосиё” жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари бўлиб ишлаган Жэфф Эрлиҳ ўзбек матбуотидаги бундай чиқишлар хорижий ноҳукумат ташкилотларига қарши Ўзбекистонда олиб борилаётган кампаниянинг бир бўлаги эканини айтади.

“Чет эл ноҳукумат ташкилотларини танқид этувчи айрим мақолаларга кўзим тушди. Буни мен Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга кўмаклашаётган ноҳукумат ташкилотларига қарши умумий жараённинг бир қисми ҳисоблайман”, - дейди Жэфф Эрлиҳ.

Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб келган Американинг “Евроосиё” жамғармаси бошқа ташкилотлардан фарқли равишда суд қарори юзасидан даъво аризаси беришни лозим топмай, ихтиёрий равишда Тошкентдаги бўлимини ёпгани ҳақида Иброҳим Норматов: “Агар Ўзбекистондаги фаолияти давомида xато ва камчиликларга йўл қўймаганида шундай йўл тутармиди”, - деб ёзди.

Жэфф Эрлиҳ эса ҳукумат буйруғини бажарадиган Ўзбекистон судларига шикоят қилиш бефойда эканини била туриб, улар ихтиёрий равишда ушбу мамлакатдаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилганини айтади.

“Биз суд жараёнини ютиб чиқа олмаслигимизни олдиндан билган ҳолда шундай қарорга келдик. Аслида бизга қўйилган айблов асоссиз бўлган. Лекин энг кучли адвокат ёллаганимизда ҳам улар хоҳлаган ҳукм чиқариларди. Ўзбекистон судлари билан баҳслашиб бўлмаслигини бошқа ташкилотлар мисолида ҳам кўриш мумкин”, - деди Ж.Эрлиҳ.

Маҳаллий матбуотда xорижий ноҳукумат ташкилотларнинг мақсади “рангли инқилоблар”ни амалга ошириш экани айтилган.

Ўзбекистонда чет эл ноҳукумат ташкилотларини ёпиш кампанияси Грузияда президент Эдуард Шеварднадзенинг ҳокимиятдан кетиши билан якун топган “атигул инқилоби”дан сўнг бошланган эди. Украина ва кейин Қирғизистондаги ўзгаришлар эса Ўзбекистондаги ёпа-ёпларни тезлаштириб юборди.

“Евроосиё” жамғармаси вакили эса Ўзбекистонда бир қанча xусусий бизнес вакиллари билан ишлаган, гиёҳвандлик ва ОИТСга қарши курашган жамғармани “рангли инқилоблар”да айблаш мутлақо нотўғри эканини таъкидлади.

“Президент Каримов бир мунча аввал Украинадаги инқилобга 10 йил ҳозирлик кўрилгани ва бу чет эл ноҳукумат ташкилотлари кўмагида амалга оширилганини айтган эди. Ҳозирги кунда Каримов ноҳукумат ташкилотларни ўзининг мухолифи санайди. Аслида бу ташкилотларнинг мақсади фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва шу орқали аҳоли турмуш тарзини яхшилаш”, - дейди Жэфф Эрлиҳ.

Интернетдаги “Ўзбек пепл” лойиҳаси раҳбари Евгений Дьяконов Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотларининг ёпилаётгани келаси йилда кутилаётган президент сайлови билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидлади.

“Ҳозирги авторитар ҳукумат учун президент сайловини ўзи хоҳлагандек ўтказиш ва ҳокимиятни қўлда ушлаб қолиш муҳимдир”, - деди Е.Дьяконов.
XS
SM
MD
LG