Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:48

Қозоғистонлик “қувноқлар ва зукколар”


Қозоғистонда илк бор олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ўзбек тилида “Қувноқлар ва зукколар” танлови бўлиб ўтмоқда. Ушбу тадбир Жанубий Қозоғистондаги ўзбек маданияти марказининг ёшлар уюшмаси томонидан ташкил этилди.

Ўзбек тилидаги “Қувноқлар ва зукколар” танлови шу пайтгача фақат мактаблар ўртасида ўтаётган эди. Вилоятдаги мактабларда юздан зиёд “Қувноқлар ва зукколар” гуруҳи бор. Улар ҳар йили мусобақалашади.

Энди эса талабалар ўртасида ҳам шундай тадбир ўтказила бошланди.

“Қувноқлар ва зукколар” танлови вице-президенти Мирвоҳид Миразизовнинг таъкидлашича, тадбирни талабалар ўртасида ўтказиш анча қийин кечган.

Танловда 8 гуруҳ қатнашмоқда. Маълум бўлишча, жамоаларнинг аксарияти терма гуруҳ, яъни турли ўқув юртлари талабаларидан йиғилган.

“Ҳозир академияда ўзбек гуруҳи йўқ. Қозоқ ва рус гуурҳлари бор. Мен қозоқча ўқияпман. Миллатим ўзбек. Вилоятдаги турли университетларда ўзбек талабалари ўқияпти. Уларнинг бошини қўшиб, “Қувноқлар ва зукколар” гуруҳи тузганмиз”, - дейди Чимкент тиббиёт академияси 1-курс талабаси Рустам Расулов.

Тиббиёт академиясининг 2-курс талабаси Дилноза Исоқованинг айтишича, вилоятдаги олий ўқув юртларида ўзбек бўлимлари йўқ. Барча ўзбек ёшлари қозоқ ёки рус бўлимларида ўқийди.

Терма гуруҳлар таркибида нафақат ўзбеклар, балки бошқа миллат вакиллари ҳам бор.

Нурсултон Назарбоев исмли қозоқ йигити Чимкентдаги тиббиёт коллежида рус тилида таълим олади. Нурсултон ўзбек тилида ҳам бемалол гаплаша олади.

”Ўзбек тилини яхши биламан. Ўзбек дўстларим “Қувноқлар ва зукоолар” гуруҳи тузаётганини эшитиб, мен ҳам унга аъзо бўлдим”, - дейди Нурсултон.

Вилоятдаги Халқаро техника университети талабаси Зафар Йўлдошев: “Ўзбекча “Қувноқлар ва зукоолар” танловининг яхши томони шуки, биргаликда йиғилиб, миллатимизни, борлиғимизни бошқаларга кўрсатамиз. Ёшлар ўзбек тилини унутмаслиги учун худди мана шундай мусобақаларга қатнашишга ҳаракат қиламиз. Ўзбек ёшлари ўз тили, тарихи, анъаналарини эсдан чиқармаслиги учун бундай тадбирлар жуда ҳам муҳим”,- деди.

Танлов натижасига кўра, “Қувноқлар ва зукко”лар ўзбек гуруҳининг Қозоғистон терма жамоаси тузилади. Бу жамоа эса шу йилнинг май ойида ўзбекистонлик тенгдошлари билан “Қувноқлар ва зукколар” танловида беллашади.
XS
SM
MD
LG