Линклар

logo-print

Кун тартибида яна Эрон масаласи

  • Ҳасанжон

Парижда БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия иштирокида Эроннинг ядровий дастури масаласига бағишланган навбатдаги учрашув бўлиб ўтмоқда.

АҚШ давлат котиби ўринбосари Николас Бернс музокаралар олдидан берган баёнотида агар Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатмаса, унинг ядровий дастури хусусида музокара олиб бораётган Европа давлатлари Теҳронга қарши санкция жорий этиш таклифи билан чиқишига умид қилаётганини айтди.

Журналистлар билан суҳбатда Николас Бернс Эроннинг ядровий дастури масаласида юзага келган бўҳронни дипломатик йўллар орқали ҳал этиш мумкинлигини билдирди.

“Биз муаммони дипломатик йўл билан ҳал этиш умидини йўқотганимиз йўқ. Муаммони дипломатик сўзлашувлар орқали ечишимиз мумкин. Бунинг учун Эрон ҳукумати уранни бойитиш ишларини тўхтатиши ва ядро қуролини яратиш дастуридан воз кечиши лозим”, - деди Н.Бернс.

Париж учрашувида АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция, Хитой ҳамда Германия расмийлари иштирок этмоқда.

Н.Бернснинг сўзларига кўра, Буюк Британия, Франция ва Германия БМТ Хавфсизлик кенгашининг Эрон томони бажариши мажбурий бўлган резолюцияси қабул қилнишига розилик билдирган. Агар резолюция талаблари бажарилмаса, Эронга нисбатан санкция жорий этилиши ва ҳатто куч ишлатилиши эҳтимолдан холи эмас.

Эроннинг БМТдаги элчиси Жавад Зариф эса 1 май куни БМТ бош котиби Кофи Аннанга мактуб йўллади. Унда Ж.Зариф БМТни АҚШнинг Эроннинг ядро объектларга зарба бериш таҳдидига қарши туришга чақирди.

Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Шон МакКормак Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида Эрон элчисининг мактуби халқаро ҳамжамият эътиборини “асосий масаладан четга буриш йўлидаги навбатдаги уриниш” эканини таъкидлади.

Сешанба куни Эроннинг “инқилоб посбонлари” корпуси қўмондони Муҳаммад Иброҳим Деҳқоний агар АҚШ ҳарбийлари Эронга ҳужум қилса, Эрон биринчи бўлиб Исроилдаги объектларни нишонга олишини билдирди.

Эрондаги ахборот агентликларининг Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақийга асосланиб 2 май куни тарқатган хабарига кўра, Россия ва Хитой Эронга нисбатан санкциялар жорий этиш ёки ҳарбий зарба бериш таклифини қўллаб-қувватламаслиги тўғрисида Теҳронни расман огоҳ қилган.
XS
SM
MD
LG