Линклар

logo-print

Муҳожирлар ҳаққини талаб қилди

  • Озодлик

1 май куни АҚШнинг ноқонуний муҳожирлар мақомини белгиловчи тартиб-қоидаларни кучатиришни назарда тутувчи қонунига норозилик сифатида мамлакатда юз минглаб киши кўчаларга чиқди.

Жумладан, Нью-Йорк ва Чикаго, Хьюстон ва Сан-Франциско шаҳарларида бир миллиондан ортиқ киши намойишга чиқди. Намойишларнинг энг каттаси Лос-Анжелесда бўлиб ўтди.

АҚШда истиқомат қиладиган лотин америкаликларнинг аксарияти Мексикадан икки соатлик масофадаги Лос-Анжелес шаҳрида иш топишга ҳаракат қилади. Душанба куни 400 мингга яқин киши, асосан, испан тилида сўзлашувчилар оқ кийим кийган ҳолда мазкур шаҳар кўчаларини тўлдирди. Намойишлар тинч ўтди.

Бир қарашда кайфияти аъло кўринган намойишчиларнинг мамлакат расмийларига мурожаати жиддий эди.

“Биз ўзимизга нисбатан амнистия қўлланишини истаймиз. Ҳукумат биз қилаëтган ишларни қадрлашини хоҳлаймиз. Чунки АҚШни АҚШ қилиб турганлар лотин америкаликлардир”, - деди намойишчилардан бири.

Иммигрантларга тааллуққли қонуннинг Вакиллар палатасига тақдим этилиши норозилик намойишларига сабаб бўлди. Ушбу қонун қабул қилингудек бўлса, 11-12 миллионга яқин ноқонуний муҳожир ўз-ўзидан жиноятчига айланади ва исталган пайтда судга тортилади.

Намойишчиларнинг фикрича, уларнинг АҚШ иқтисодиëти учун фойдаси катта. Чунки ноқонуний муҳожир бўлишига қарамай, улар солиқ тўлайди. Шунинг учун ҳам уларни қонунийлаштиришни кўзда тутувчи қонун қабул қилиниши керак.

1 май кунги намойишларнинг АҚШ иқтисодиëтига қанчалик зарба бергани номаълум, аммо ўша куни кўплаб ресторан ва дўконлар ëпиқ бўлди.
XS
SM
MD
LG