Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:31

Навбатдаги можаро


3 май куни ўзбек-қозоқ чегарасида яна бир можаро содир бўлди. Қозоғистон фуқароси билан Ўзбекистон чегарачилари ўртасида келишмовчилик юзага келди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати раҳбари Бўлат Закиевнинг маълум қилишича, Сариоғоч тумани Дўстлик қишлоғида яшовчи фуқаро Ўзбекистон ҳудудига сув олгани ўтганида уни ўзбек чегарачилари ушлаб олган. Бу қишлоқнинг бир қисми Ўзбекистонга тегишли бўлиб, бу қисмда қишлоқ мактаби ва шифохонаси жойлашган.

“Қишлоқ одамлари ичимлик сувни ҳам ўша ҳудуддан олар экан. 3 май куни эрталабдан Ўзбекистон чегарачилари мактабга ҳам, шифохонага ҳам, ичимлик сув олиш учун ҳам ҳеч кимни ўтказмаяпти”, - деди Б.Закиев.

Шунингдек, Каzaкhstan Today ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, 19 апрель куни ўзбек-қозоқ чегарасида содир этилган ҳолат бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тезкор чоралар кўриш мажбуриятини зиммасига олишини маълум қилган.

Ўшанда ўзбек чегарачилари Қозоғистон ҳудудига ўтиб, ушбу мамлакатнинг 24 ёшли фуқароси Бауржон Аҳмедовни калтаклаб, сўнг ҳибсга олган эди. Айни пайтда бу шахс Тошкентдаги шифохонада бошидан операция қилинган.

Мазкур ҳодиса бўйича Қозоғистон расмийлари қатъий норозилик билдириб, Б.Аҳмедовга жароҳат етказган чегарачилар жазоланишини талаб қилганди.

3 май куни Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Нурлан Онжановнинг билдиришича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳодиса бўйича тезкор чоралар кўриш мажбуриятини олган.

Расмий маълумотларга кўра, 2002 йилдан буён ўзбек-қозоқ чегарасида Ўзбекистон чегарачилари томонидан 9 марта қурол ишлатиш ҳолати қайд қилинган. Бунинг натижасида Қозоғистоннинг 6 фуқароси жароҳат олган ва бири ҳалок бўлган. Шу давр мобайнида Қозоғистон чегарачилари 6 марта қурол ишлатган ва оқибатда ўзбекистонлик уч киши жароҳатланган ва бир оламдан ўтган.
XS
SM
MD
LG