Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:39

Ўзбекистон Уганда, Нигерия ва Руандага тенглаштирилди


Американинг нуфузли “Foreign Policy”, яъни “Ташқи сиёсат” журналида эълон қилинган нобарқарор мамлакатлар рейтингида инқироз жари ёқасида турган 28 мамлакат рўйхатида Ўзбекистон ҳам бор ва у 23-ўринда турибди.

Тадқиқот муаллифлари Ўзбекистоннинг бу рўйхатга киритилишига кўп жиҳатдан Андижон воқеалари сабаб бўлганини билдирган. Баъзи кузатувчилар эса Ўзбекистоннинг инқирозга юз тутишига Андижон воқеалари эмас, аксинча Ўзбекистон давлатчилигининг инқирози Андижон воқеаларига сабаб бўлганини таъкидламоқда.

Халқаро тинчлик жамғармасининг жаҳон давлатларидаги вазиятга 12 кўрсаткич бўйича баҳо берилган мазкур ҳисоботи иккинчи марта эълон қилинмоқда.

Ҳисоботда 146 мамлакатдаги вазиятга демографик босим, инсон ҳуқуқлари вазияти, иқтисодий инқироз, давлат легитимлиги каби ижтимоий ва иқтисодий мезонларга кўра баҳо берилади. Мазкур 12 кўрсаткич бўйича жаъми 94,4 балл олган Ўзбекистон жаҳоннинг нобарқарор давлатлари орасида Африкадаги Уганда, Нигерия ва Руанда каби мамлакатлари билан ёнма-ён турибди.

Нобарқарор давлатлар рейтинги лойиҳаси раҳбари Криста Ҳендри Ўзбекистоннинг давлатчилиги инқирозга юз тутган мамлакатлар рўйхатига тушиб қолганини Каримов режимининг репрессияси, айниқса, Андижон воқеаларидан кейин янада кескинлашгани билан изоҳлади.

“Ўзбекистон қаттиқ ташвиш уйғотаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Каримов режимининг қатағони кундан кунга кучаймоқда. Ўзбекистоннинг бу рўйхатга тушганига кўп жиҳатдан 2005 йилнинг майида Андижонда рўй берган қирғин ҳисса қўшди. Ўзбекистондаги режим тобора репрессив режимга айланиб бораётгани боис, эркин матбуотга нисбатан босимнинг кучайиб бориши, мамлакатдаги шундоқ ҳам аянчли инсон ҳуқуқлари вазиятининг янада кескинлашиши ва демографик инқирозлар борасида хавотирлар пайдо бўлиши табиий”, - дейди Халқаро тинчлик жамғармаси мутахассиси.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи, жамиятшунос Баҳодир Мусаев Ўзбекистонга бундай баҳо берилгани тўғри экани, бироқ мамлакат давлатчилигининг инқирозига Андижон қирғини эмас, балки Тошкент режимининг инқирози Андижон воқеаларига олиб келганини айтади.

“Ўзбекистонга айни рўйхатда ўтган йили 24-ўрин берилганди. Бунинг сабаби зўравонлик ва ёлғон сиёсати Ўзбекистонда давлат ва ижтимоий тараққиётнинг айрилмас қисми бўлиб қолганида. Андижон воқеаларидан кейин бу аниқ кўрина бошлади. Лекин бу воқеалардан аввал ҳам кўплаб кузатувчилар Ўзбекистон режими ҳамма нарсага, жумладан, қон тўкишга ҳам тайёр экани ҳақида гапирган эди. Бу режим бугун ҳам ҳамма нарсага тайёр, шунинг учун Андижон воқеаларининг яна такрорланишига барча шарт-шароитлар бор”, - деди Баҳодир Мусаев.

Халқаро тинчлик жамғармаси мезонлари алоҳида кўрилса, Ўзбекистондаги вазият янада аянчлироқ экани намоён бўлади. Масалан, давлатнинг легитимлигига оид мезон бўйича Ўзбекистон режими энг нолегитим давлатлар ичида 8-ўринни эгаллайди. Мамлакат хавфсизлик идоралари фаолияти шаффоф бўлмаган давлатлар ичида эса 11-қаторда турибди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Уруш ва тинчликни ёритиб бориш институти муҳаррири Жон МакКлауд “Ўзбекистондаги давлатчилик тизимининг бугунги ҳолатига бундай кескин баҳо бермаслиги”ни таъкидлади.

“Бу турли мезонларга асосланиб чиқарилган мунозарали хулосадир. Инқирозга учраган давлатлар атамасининг ишлатилиши ҳам, менимча, бироз ноўрин. Чунки инқирозга учраган давлат деганда, кўпчилик ҳукумат тизими емирилган, аҳолига хизмат кўрсатиш тизими вайрон бўлган ёхуд фуқаролар уруши бўлаётган давлатни тушуниши мумкин. Ўзбекистон эса бундай инқирозларни бошдан кечираётгани йўқ. У ерда ҳукумат тизими ишламоқда, мамлакат ҳудудлари давлат томонидан назорат қилинмоқда ва ҳоказо. Албатта, баъзи мезонлар бўйича, масалан, инсон ҳуқуқлари, иқтисод ёки аҳолига хизмат кўрсатиш тизимларининг сифати бўйича Ўзбекистон орқага кетгани аниқ, лекин бу янгилик эмас”, - деди Жон МакКлауд.

Ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Баҳодир Мусаев британиялик ҳамкасби фикрига қўшилмаслигини таъкидлаб, ҳокимият ёхуд аҳолига хизмат кўрсатиш тизимларининг ишлаётгани Ўзбекистон режими инқирозга учрагани фактини инкор этмаслигини айтди.

“Вазиятга баҳо беришда бундай кўрсаткичларга асосланмаган бўлардим, яъни Ўзбекистон ҳокимияти тепасига Ислом Каримов келганидан бери қўштирноқ ичидаги ютуқларга халқнинг қашшоқлашиб бораётгани нуқтаи назаридан қараган бўлардим. Мамлакат фалокат сари ҳаракат қилаётган эди. Бу ижтимоий фалокатнинг оқибатларини эса 2005 йил 13-15 майда Андижондаги воқеаларда кўрдик. Бугунги кунда бу режимнинг ўз жонини сақлаб қолиш учун барча чораларни ишга солаётганини кўряпмиз. Мамлакатда фаолият кўрсатаётган барча фуқаровий жамият институтларининг ёпилиши, халқаро ташкилотларнинг ҳайдалиши ҳам бунга мисол бўла олади. Шундай давом этадиган бўлса, Ўзбекистон ҳали давлат сифатида шаклланмасданоқ ҳалокатга учраши муқаррар”, - деди Б.Мусаев.

Ўзбекистон давлатчилигининг инқирозга учраши сабаби эса “ҳокимият тепасидагиларнинг зўравонлиги ва иккиюзламачилиги”да, дея хулоса қилади ўзбекистонлик жамиятшунос.

“Режимга таъриф беришда жиноий-ҳуқуқий қонунчиликнинг атамаларидан фойдаланиш керак. Бунинг сабабларини тушунтирадиган асосий сўзлар эса зўравонлик, ёлғон ва иккиюзламачиликдир”, - дейди у.

Бундан икки ой олдин Америкадаги “Parade” журнали жаҳондаги энг золим диктаторлар рейтингини эълон қилганди. Унда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга биринчи бешликдан ўрин берилган.
XS
SM
MD
LG