Линклар

logo-print

Наманганликлар ахлатхонада ишламоқда

  • Озодлик

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти турли йўллар билан Россияга олиб чиқиб кетилган наманганлик фуқаролардан бир гуруҳи ўзга юртда хор бўлиб юргани ҳақида хабар тарқатди.

“Эзгулик” жамиятидан олинган маълумотга қараганда, Наманганнинг Поп туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаро мазкур ташкилотга мурожаат қилган. Попликлар сўзларига кўра, уларнинг қариндошлари гўëки иш билан таъминланишига ишонтирилиб, Россияга алдаб олиб чиқиб кетилган. Улар айни пайтда Нижний Новгород шаҳри атрофидаги ахлатхонада ишлаб, қуллик шароитида ушлаб турилибди.

“Эзгулик” баëнотида 21 кишининг исм-фамилияси келтирилган, бироқ ушбу ҳужжат Интернетга қўйилгач, ўз қариндошларининг ана шундай шароитда сақланаëтганидан хавотир билдирган яна 200га яқин киши “Эзгулик”нинг Наманган вилояти бўлимига мурожаат қилган.

“Биз бу муаммони биринчи марта кўтармаяпмиз. Бундан олдин ҳам бир гуруҳ сирдарëликларнинг Қозоғистонга олиб чиқиб кетилгани ҳақида баëнот берган эдик. Афсус, бу каби муаммолар кўпайиб бормоқда ва энди бизга попликлар мурожаат қилди”, - деди жамият раиси Васила Иноятова.

Унинг билдиришича, попликларларнинг Россияга олиб чиқиб кетилганлигига 3-4 ой бўлган. Улар эрталабдан кечгача эксплуатация қилинмоқда.

“Эзгулик” тарқатган хабарга кўра, Поп туманида яшовчи 1962 йилда туғилган Фотима Юсупова ҳозир ахлатхонада ишлаëтган наманганликларни тўқимачилик комбинатига ишга жойлаштириш баҳонасида алдов йўли билан Россияга олиб кетган. Унга бу ишда бухоролик Зуҳра Норматова ва унинг эри Зайниддин Норматов ëрдам берган.

“Озодлик” мухбири бу каби ишларда айбланаётган Зуҳра Норматованинг ўзи билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

“Биз ҳеч кимни алдамаганмиз ва алдаш йўли билан Россияга жўнатмаганмиз. Нима учун четга кетаëтгани ва уларни қандай шароитлар кутаëтганини улар яхши билади. Ростини айтсам, хусусий автобусимиз бор ва биз транспорт хизмати кўрсатамиз, холос”, - деди З.Норматова.

“Наманганликлар Россияда хор бўлаëтган ягона ўзбеклар эмас. Бу ҳақда Ўзбекистонда ҳам яхши билишади. Аммо уларнинг тақдирини енгиллатиш учун ҳеч қандай чора кўрилмайди”, - дейди “Эзгулик” жамияти раиси В.Иноятова.
XS
SM
MD
LG