Линклар

“Халқаро амнистия” АҚШ ҳукуматини айблади

  • Ҳасанжон

“Халқаро амнистия” ташкилоти АҚШ ҳукуматини терроризмга алоқадорликда гумон қилиниб, қўлга олинган шахсларнинг “қийноққа солинишига муҳит яратаётганлик”да айблади.

Ташкилот томонидан эълон қилинган ҳужжатда қийноқлар олдини олиш ва бундай амалиётни қўллаган расмийларни жавобгарликка тортиш учун Вашингтон расмийлари зарурий чоралар кўрмагани билдирилади.

Ташкилотнинг қийноқлар ҳақидаги ушбу ҳисоботи биринчиси эмас. Аммо у БМТ ҳузуридаги Қийноқларга қарши қўмитанинг 5 – 8 май кунлари Женевада ўтказиладиган йиғилишида муҳокама қилинади. Қўмита аъзолари маҳбусларнинг қийноққа солиниши, уларга нисбатан ғайриинсоний муносабат ва жазолар қўлланилишига қарши халқаро келишувларнинг АҚШ томонидан қандай бажарилаётгани масаласини кўрб чиқади.

Вашингтон расмийлари АҚШга қарашли қамоқхоналарда маҳбуслар қийноққа солинаётгани тўғрисидаги иддаоларни рад этган. Маълумотларга кўра, АҚШ БМТ қўмитаси йиғилишига 30 аъзодан иборат делегация жўнатиш ниятида.

Шарон Крайтофф “Халқаро амнистия” ҳисоботи ҳаммуаллифларидан бири. У АҚШ делегацияси аъзоларининг ўз қарашини ҳимоя қилиши осон кечмаслигини таъкидлади.

“Менимча, нафақат Ироқ, Афғонистон, Гуантанамода, балки дунёдаги барча махфий ҳибсхоналарда маҳбусларга нисбатан қийноқ усуллари қўлланилаётгани ва қўпол муомала қилинаётгани ҳозир ҳеч кимга сир эмас. “Халқаро амнистия” анчадан бери АҚШдаги жазони ўташ муассасаларида ҳам маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши ва уларга қўпол муомалада бўлинаётгани хусусида ташвиш билдириб келмоқда. АҚШ расмийлари томонидан қийноқлар қўлланилиши ҳақида мазкур ҳисоботда жамланган хавотирлар кўп жиҳатдан янгилик эмас. Бу жараён ички қонунлар доирасида бир неча ўн йилдан бери давом этиб келмоқда”, - деди Ш.Кристофф.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига йўлланган мактубда АҚШ ҳукумати ҳар қандай шароитда, жумладан, уруш ва фавқулодда ҳолатларда ҳам маҳбусларга нисбатан қийноқ усуллари қўлланилишига қарши экани таъкидланади.

“Халқаро амнистия” ҳисоботи дунёнинг турли минтақаларидаги АҚШга қарашли қамоқхоналарда бўлган собиқ маҳбуслар берган кўрсатмалари асосида ҳозирланган бўлиб, улар орасида Кубадаги Гуантанамо, Ироқнинг Абу Ғраиб қамоқхонаси собиқ “мижозлари” бор.
Ироқлик 50 ёшли Абдул Жаббор ал-Аззавий АҚШ ҳарбийлари уни етти ой қамоқда сақлаган пайтда қийноққа солинганини билдиради. Унинг “Халқаро амнистия”га айтишича, дастлаб АҚШ ҳарбийлари уни тахтага ётқизиб қўйган.

“Кейин иккала қўлимни чиғириққа боғлашди ва икки томонга торта бошлашди. Улар мени шу ҳолатда суратга олди. Ҳар савол берганларида иккала қўлимни икки томонга қаттиқроқ торта бошлади ... Улар хотиним ва катта ўғлимни олиб келиб кўз ўнгимда уларни зўрлашга таҳдид қилишди”, – дейди ироқлик собиқ маҳбус.

“Халқаро амнистия” ҳисоботида терроризмга қарши кураш доирасида қўлга олинган шахсларнинг АҚШ ҳарбий қамоқхоналарида қийноқларга солиниши ва маҳбусларга нисбатан қўпол муомалада бўлинаётгани ҳақидаги кўплаб маълумотлар эълон қилинишига жавобан Вашингтон ҳукумати бундай ҳоллар қайтарилишининг олдини олиш учун зарурий чоралар кўрмагани билдирилади.

АҚШ расмийлари бундай жиноятни белгиланган тартиб ва қоидаларга амал қилмаган ҳарбийлар содир этганини таъкидлашига қарамай, Шарон Крайтофф маҳбусларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш расман тасдиқланган сиёсатдан келиб чиқаётганини тасдиқловчи далиллар борлигини айтди.

“Биз қўмондонликдаги юқори лавозимли расмийларни Ироқ, Афғонистон ва бошқа жойларда маҳбуслар ҳуқуқларини поймол этган ҳарбийлар жавобгарликка тортилишига чақирдик ва чақиришда давом этамиз. Биз фақат қуйироқ поғонадаги ҳарбийлар жавобгарликка тортилганини кўрдик ва кўряпмиз. Биз ипнинг учи қўмондонликдаги юқори поғоналарга етиб бориши ҳақида анча вақтдан бери айтиб келяпмиз”, - деди Ш.Кристофф.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Вашингтон махфий қамоқхоналар ташкил этгани тўғрисидаги иддаолар ҳамда президент Жорж Буш маҳбусларнинг қийноққа солиниши воқеалари учун масъул бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш ҳуқуқига эга ёки эга эмаслиги ҳақида АҚШ расмийларидан сўрашни режалаган.
XS
SM
MD
LG