Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:11

Халқаро Амнистия Россия ҳукуматини ирқчилик асосида содир этилаётган ҳужумларга барҳам бериш учун кескин чоралар кўришга чақирди


Халқаро Амнистия ташкилоти Россия ҳукуматини ирқчилик асосида содир этилаётган ҳужумларга барҳам бериш учун кескин чоралар кўришга чақирди. “Россия ҳукуматининг ирқчиликка қарши самарали кураш олиб бормаётгани мамлакат обрўсига путур етказади ва муаммога халқаро тус беради”, дейилади Халқаро Амнистия ташкилотининг 4 май куни эълон қилинган ҳисоботида.

Халқаро Амнистия ташкилотининг “Россия Федерацияси: Ирқчилик билан боғлиқ вазият назоратдан чиқди” дея номланган хисоботида Россия ҳукуматининг ирқчилар томонидан амалга оширилаётган зўравонликларга кўз юмаётгани танқид қилинади.

Виктория Вебб Халқаро Амнистиянинг Россия Федерацияси бўйича мутахассиси. Унининг фикрича, ирқчиликка қарши курашда Россия умумий федерал стратегияни ишлаб чиқиши керак.

“Биз ҳукуматнинг айрим вакиллари, жумладан президент Владимир Путин ҳам бундай муаммо борлигидан хабардор эканини айтганини тан оламиз, лекин ҳукумат бу муаммони ҳал этиш учун зарурий чоралар кўра олмади, деб ўйлаймиз. Биз Россия ҳукуматини нафақат ирқчиликка асосланган ҳужумлар, балки Россиядаги ирқчилик ва камситишнинг барча жиҳатларини ўз ичига олган амалий ҳаракат дастури ишлаб чиқилишга чақирамиз”, – дейди Халқаро Амнистия вакили.

Сўнгги йилларда Россияда ирқчилар ҳужумларининг сони кескин кўпайгани кузатилмоқда. Халқаро Амнистия ҳисоботига кўра, 2005 йилда Россияда ирқчилик асосида содир этилган ҳужумлар оқибатида 28 одам қурбон бўлган, 366 одам жароҳатланган. Россияда нафақат хорижликлар балки маҳаллий халқ вакиллари, хусусан лўлилар, яҳудий жамоалари вакиллари ва келиб чиқиши кавказлик бўлган фуқаролар ҳам ирқчилар тажовузига учрамоқда.

Халқаро Амнистия ўз ҳисоботида Россия прокурорларини ирқчилик асосида содир этилган жиноятларни кўра-била туриб, судланувчиларга жиноят кодексининг “безорилик” билан боғлиқ бандларига мувофиқ енгилроқ жазо белгилаётгани учун танқид қилган.

Март ойида Санкт-Петербург суди тожикистонлик тўққиз яшар қизнинг ўлдирилишига алоқадор бўлган саккиз нафар ўсмирни “безорилик”да айбдор, деб топди. Суд ҳукмидан хафсаласи пир бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари уни “маънавий фожиа” дея атади.

Виктория Вебб Россия Европа кенгаши аъзоси ва саноати тараққий этган Саккизлик гуруҳининг жорий йилги раиси сифатида мамлакат ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажариши ҳамда ирқчиликка қарши кескин чоралар кўриши кераклигини айтади.

“Россия, айниқса, саноати тараққий этган Саккизлик гуруҳига раислик қилаётган жорий йилда ва Европа Кенгашининг вазирлар қўмитасига раислик қиладиган муддатда ўзининг халқаро мажбуриятларини бажариши керак. Ҳозир ҳамма Россияга кўз тикиб турибди. Агар фурсатдан фойдаланиб, ирқчиликка қарши кураш чораларини кучайтирмаса ва ўз мажбуриятларини бажармаса, бу Россия учун кечириб бўлмас ҳол бўлади”, – дейди Халқаро Амнистия ташкилоти вакили В.Вебб.
XS
SM
MD
LG