Линклар

logo-print

Ўзбеклар чегарани ёпиб қўйди

  • Сарвар Усмон

2 май куни Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида юз берган навбатдаги можаронинг тафсилотлари ойдинлашмоқда. Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари бу воқеага ўз қарашларини билдиряпти.

Маълум бўлишича, Сариоғоч туманидаги бир пайтлар яхлит аҳоли пункти бўлган Дўстлик овули давлатлар ўртасидаги чегара чизиғи аниқлангандан кейин иккига бўлиниб қолган ва қишлоқ аҳли сув оладиган водопровод чегаранинг Ўзбекистон томонида қолган.

Шу пайтгача қозоғистонликлар чегарадан бир ҳатлаб, Ўзбекистонга ўтиб сув олиб қайтаверган. Лекин, Қозоғистон расмийларидан олинган маълумотга кўра, 2 май куни оқшом соат еттилардан ўтиб овулда Дўстлик овулида яшовчи 13 ёшли Жонибек Медеубековни сув олаётган жойида ўзбекистонлик чегарачи Эркин Остонов калтаклаган. Э.Остонов болакайни автоматнинг қўндоғи билан урган. Аскар қочмоқчи бўлган болани қувган ва Қозоғистон ҳудудига ўтиб қолган. Жонибекнинг ҳимоясига чиққан қозоғистонликлар Э.Остоновни ушлаб олган ва кейинроқ етиб келган қозоғистонлик чегарачилар қўлига топширган. Ўзбекистонлик аскар тиббий текширувдан ўтказилганда унинг маст экани аниқланган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари, Чегара хизмати бошлиғи Бўлат Закиевнинг билдиришича, Дўстликнинг Қозоғистон қисмида яшовчилар 4 майдан шифохонага, мактабга бора олмаяпти. Чунки айтилганларнинг барчаси Ўзбекистон ҳудудида. Овул аҳли сувсиз ҳам ўтирибди.

Б.Закиев бунга Ўзбекистон маъмурлари чегарани ёпиб қўйгани сабаб бўлаётганини айтди.

Қозоғистонликларнинг тахмин қилишича, чегаранинг бир томонлама ёпиб қўйилиши оддий аскар Эркин Остоновнинг Қозоғистонда ушлаб турилиши билан боғлиқ.

Маълумотларга кўра, ўзбекистонлик аскар Сариоғоч тумани ички ишлар бўлимида ҳибсда сақланмоқда, 13 ёшли болани калтаклагани учун унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида юз бераётган кўнгилсизликларга қозоғистонлик сиёсатчилар кескин муносабат билдирмоқда. Зеро, Ўзбекистон чегарачилари 2002 йилдан буён қозоғистонликларга қарата 9 марта ўт очган, натижада 6 киши яраланиб, бир киши нобуд бўлган.

Қозоғистон парламенти депутати Валижон Қалижон бу воқеаларни “ўзбекистонлик чегарачиларнинг қозоғистонликлар хавфсизлигига солаётган таҳдиди”, деб баҳолади.

Қозоғистон ҳукумати ҳам қараб ўтиргани йўқ. Ўзбекистоннинг Остонадаги элчиси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, унга расмий норозилик билдирилди.

Чегарадаги воқеаларга қозоқ ёшлари ҳам ўз муносабатини билдиряпти. Улар 3 май куни Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси биноси олдида норозилик акцияси ўтказди.

Айрим Интернет сайтларида Ўзбекистон МХХ матбуот хизмати раҳбари Олимжон Тўрақулов имзоси билан тарқатилган хабарда чегарадаги 2 май кунги можаро бутунлай бошқача кўринишда бўлгани маълум қилинади.

Унда айтилишича, можаро ўзбекистонлик икки чегарачи билан Ўзбекистон чегарасини бузиб киришга ҳаракат қилган қозоғистонлик 20 киши ўртасида бўлиб ўтган. Натижада чегарачи Эркин Остонов бошига тушган зарбадан ҳушини йўқотиб қўйган, бундан фойдаланган қозоғистонликлар ўзбек аскарини Қозоғистон ҳудудига олиб ўтиб кетган.
XS
SM
MD
LG