Линклар

Counterpart International ҳам ёпилди

  • Ҳурмат Бобожон

Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари суди Америкага қарашли Counterpart International ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпиш тўғрисида қарор чиқарди.

Ҳафта бошида Ўзбекистон Адлия вазирлиги бу ташкилот мамлакат қонунларини бузганини иддао қилиб, судга ариза киритганди. Вазирлик ташкилотни Ўзбекистон қонунлари ва ваколатхона низомини бузганликда айблади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, ваколатхона ходимлари маҳаллий нодавлат ташкилотлар ташкил этиб, уларга раҳбарлик қилган. Шунингдек, бу ташкилот лицензияланмаган матбуот нашрларини чоп этган, ҳукумат тизимларига молиявий фаолият тўғрисидаги ҳужжатларни топширишдан бош тортган.

Couterpart International президенти Лелай Лелаулу Тошкент судининг қароридан ранжиганини, ташкилот Ўзбекистонда маҳаллий қонунларга бўйсунган ҳолда фаолият юргизганини таъкидлади.

Л.Лелаулунинг айтишича, ҳозирча ташкилот суд қароридан шикоят қилиш борасида бир қарорга келгани йўқ.

“Ташкилотимизнинг Тошкентдаги вакили Дэвид Ҳолидей Адлия вазирлигининг айбловлари юзасидан ўз сўзини айтди. Аминманки, биз Адлия вазирлиги қўйган айбловларга тўлалигича жавоб бердик”, - деди Л.Лелаулу.

Counterpart International – бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган ташкилот. Ушбу ташкилот фаолияти АҚШ Давлат департаменти ва АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилади. Counterpart International Ўзбекистонда 1995 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган ва Адлия вазирлигида рўйхатга олинган эди. Бу ташкилот, асосан, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ОИТСга қарши кураш, аҳоли соғлиғини яхшилаш борасидаги гуманитар лойиҳаларни амалга оширар эди. Counterpart International мамлакатнинг айрим ҳудудларида аҳолини тоза сув билан таъминлаш лойиҳаларини ҳам амалга оширган.

“Ўтган давр давомида инсонпарварлик ёрдамлари доирасида Ўзбекистонга 108 миллион доллардан зиёд маблағ ажратдик. Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўлдан келганича кўмаклашдик. Бундан буён Ўзбекистонга инсонпарвар ёрдамлар бера олмаслигимиздан бироз афсусдамиз”, - деди Л.Лелаулу.

Counterpart International нинг ёпилиши Ислом Каримов ҳукумати ўзига таҳдид деб билган халқаро ташкилотларга қарши кураш доирасида олиб борилмоқда. Кейинги бир ярим йил давомида Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга кўмаклашувчи бир неча ташкилот ёпилди. Counterpart International сўнгги олти ой ичида ёпилган еттинчи хорижий ташкилот бўлди.
XS
SM
MD
LG