Линклар

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоновнинг Остонада Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев билан ўтказган музокаралари натижаси ўлароқ, икки давлат ўртасида бир неча ҳужжат имзоланди.

Бу ҳужжатларнинг энг муҳимларидан бири мигрант ишчилар фаолияти ҳамда ҳуқуқларини ҳимоялаш тўғрисида ҳукуматлараро имзоланган шартномадир.

Музокаралардан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида Н.Назарбоев мазкур ҳужжат “мигрант ишчилар аҳволини яхшилаши, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиши”ни таъкидлади.

Шу пайтгача қозоғистонликларнинг иш излаб, Тожикистонга боргани ҳақида маълумот пайдо бўлгани йўқ. Агар шу ҳолат ҳисобга олингудай бўлса, имзоланган ҳужжатдан фақат тожикистонликлар ютишини тушуниш қийин эмас.

Оддий тожикистонликлар ва умуман Тожикистон фойдасига хизмат қиладиган яна бир ҳужжат халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувдир.

Тожикистон президенти мазкур ҳужжатни шарҳлар экан, Душанбе расмийлари Олмаота - Бишкек - Ўш - Жирғатол - Душанбе - Кобул - Исломобод йўналишидаги йўл лойиҳаси устида ишлаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, йўлнинг Қирғизистонгача бўлган қисми бу йил битади. Қурилишнинг бу босқичига 36 миллион доллар сарфланмоқда.

“Мазкур йўл 2008 йилда фойдаланишга топширилади ва у Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг Жанубий Осиё бозорларига чиқишига имкон яратади”, - деди И.Раҳмонов.

Мазкур лойиҳада Ўзбекистоннинг бор-йўқлиги тўғрисида президентлар бирон гап айтмади.

Тожикистон президенти қозоғистонлик ҳамкасби билан нафақат Жанубий Осиё бозорини очмоқчи. У Остонада тожикистонлик деҳқон ва боғбонлар учун Қозоғистон бозорини ҳам очиб қайтди.

“Биз сабзавот ва мевалар учун яшил йўлак очиш тўғрисида келишиб олдик. Тожикистонда янги картошка чиқди, гилос пишди. Қозоғистонда уларнинг пишишига ҳали анча бор”, - деди Н.Назарбоев.

Хуллас, Тожикистон президенти Остонага келиб, нима қилди, деган саволга оддий тожикистонлик тушунадиган учта конкрет жавоб бор.

Биринчидан, тожикистонлик мардикорнинг ҳуқуқи Қозоғистонда ҳимояланадиган бўлди.

Иккинчидан, Ўзбекистонни айланиб ўтадиган йўл қурадиган бўлди.

Учинчидан, тожикистонлик деҳқон ва боғбон ўзи етиштирадиган маҳсулотни Қозоғистон бозорларида бемалол сотадиган бўлди.
XS
SM
MD
LG