Линклар

МРБ раҳбари тўсатдан истеъфога чиқди

  • Ҳасанжон

АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари этиб тайинланганига ҳали икки йил ҳам бўлмаган Портер Госс тўсатдан истеъфога чиқди. Президент Жорж Буш унинг истеъфосини қабул қилди.

2001 йил 11 сентябрда Нью-Йорк ва Вашингтонга қарши террор ҳужумлари уюштирилишининг олдини ололмагани ҳамда Ироқнинг оммавий қирғин қуроллари хусусида ишончли разведка маълумотлари тўплай олмагани учун 2004 йил августида МРБ қаттиқ танқидга учраган эди. Шундан сўнг АҚШ президенти Жорж Буш МРБга тайинланадиган янги раҳбар бу ташкилотда ислоҳотлар ўтказишига умид билдирганди.

“Ушбу муҳим лавозимни бой тажрибага эга бўлган Портер Госс эгаллайди. У МРБда ўн йилдан ортиқ ҳарбий разведка офицери бўлиб ишлаган. У бу идорани яхши билади. У ташкилот фаолиятини яхшилаш учун нима қилиш кераклигини яхши билади”, – деган эди АҚШ раҳбари.

Бироқ орадан икки йил муддат ўтмай, П.Госс ўз лавозимини тарк этишга қарор қилди. АҚШ президенти бу ҳақда 5 май куни берган баёнотида: “МРБ директори Портер Госс истеъфога чиқиши ҳақидаги аризани тақдим этди ва мен уни қабул қилдим”, – деди.

П.Госс истеъфога чиқиши сабаблари ҳақида тушунтириш бермади. Ж.Буш эса П.Госс даврида МРБ фаолияти анча яхшиланганини таъкидлади.

“Мен сизга ташкилот жуда яхши фаолият юритаётганини маълум қилмоқчиман. Ташкилот ўз фаолиятини кескин яхшилади, дея олишимга асос бор. Биз мамлакат разведка тизимини яхшилаш ҳақида сиз белгиланган вазифани бажардик, деб ўйлайман. Ҳурматли президент, сизнинг бу йўлдаги уринишларингиз ва сиз раҳбарлигингизда хавфсизлигимиз анча мустаҳкамланди. Разведка хизматида ишлаётган эркак ва аёллар ўз вазифаларини бажаришда давом этмоқда”, - деди П.Госс Жрож Бушга қарата.

Портер Госс бу лавозимда қисқа вақт ишлади. Аммо унинг фаолияти мураккаб даврга тўғри келди. Чамаси махфий разведка хизматининг истеъфога чиққан юқори лавозимли ходимлари ва офицерлари Госсни ёқтирмади. Бундан ташқари, МРБда амалга оширилган ислоҳотлар ва ташкилотнинг янги тузилган Миллий разведка хизматига бўйсуниши борасида зиддият юзага келган кўринади. П.Госс Миллий разведка хизмати раҳбари этиб тайинланган Жон Негропонте билан ҳамфикр бўла олмаган. Госс, айниқса, МРБдаги аксарият таҳлилчиларни бошқа разведка ташкилотига ўтказиш қарорига қарши бўлган.

Оқ уй маъмуриятидаги юқори лавозимли расмийнинг “Washington Post” газетасига айтишича, сабаб қандай бўлишидан қатъий назар, П.Госснинг эгаллаб турган лавозимидан кетиши ҳақидаги қарор бир неча ой олдин қабул қилинган. Газетанинг билдиришича, ўтган ойда Негропонте Госс билан учрашганда унга лавозимни тарк этадиган вақт келганини айтган.

П.Госс сўнгги бир ой ичида Жорж Буш маъмуриятидан ишдан кетган юқори лавозимли расмийларнинг учинчисидир.

Энди президент олдида П.Госснинг ўрнига янги одам тайинлаш вазифаси турибди. АҚШ оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, Портер Госс ўрнига Жон Негропонтенинг ўринбосари, АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари генерали Майкл Ҳайден МРБ раҳбарлигига тайинланиши мумкин.
XS
SM
MD
LG