Линклар

logo-print

Ор-номус, миллат ғурури қаерга кетди?


Ор-номуси, садоқат ва ҳаёси билан машҳур ўзбек аёллари шаънига сўнгги вақтларда баъзи мамлакатларда, жумладан, Қозоғистонда ҳам турли номақбул гап-сўзлар айтилаётгани кузатилмоқда.

Сайрамлик Мансурхон Қодировнинг таъкидлашича, ўзбек аёлига етадиган гўзал, латофатли, меҳнаткаш, софдил аёллар жуда ҳам кам. Улар ҳақида гап кетганда “садоқатли”, ибо-ҳаёли” каби таърифлар берилади.

Ўқитувчи Маҳбуба Маҳмудова сўзларига кўра, қозоғистонлик ўзбек аёллари ўзбекистонлик жинсдошларидан анча яхши шароитларда яшайди.

“Ўзбекистон аёллари бола-чақа боқиш, пул топиш мақсадида иш қидириб ўзга мамлакатларда ҳам сарсон-саргардон юрганини кўп эшитамиз. Шуниси қувончлики, Қозоғистондаги ўзбек аёллари оиласи бахтига ўз уйида ўтириб, фарзандлари бағрида яшаяпти”, - деди М.Маҳмудова.

Оқсувкентлик 35 ёшли Қундузой Мирзалиева ўзбекистонлик аёлларга ачинишини таъкидлади.

”Қўқон, Наманган томонлардан савдо-сотиқ билан шуғулланувчи аёллар келади. Улар ўзларига қийин бўлаётгани учун аёллар кўчага чиқиб кетганини айтади. Ўша аёлларни кўриб, жуда ачинаман. Барибир жигаринг, миллатдошларинг бўлгач, раҳминг келар экан. Бечоралар мардикор бўлиб кетди-ку, ҳар қайларда саргардон юрибди-ку”, - деди Қ.Мирзалиева.

Жанубий Қозоғистон университети профессори Ботир Норбоев эса: “Мустақиллик йилларида Ўзбекистон аёллари рўзғор ташвишида кўчага чиқиб кетди. Уларнинг ҳалол меҳнат қилиши учун шароитнинг ўзи йўқ. Улар Ўзбекистон шароитида ишлаб, оиласини боқиши қийин. Афсуски, чет мамлакатларга савдо-сотиқ ишлари билан бориб келадиган ўзбек аёллари пайдо бўлган. Нима учун шундай қилади? Чунки улар бола-чақасини боқа олмайди. Болалари оч турган она ҳар қандай ишни қилишга мажбур. Бунинг ҳаммаси Ўзбекистондаги умумий сиёсий, ижтимоий-иқтисодий аҳволдан келиб чиқади. Ўз аёлларини ҳимоя қила олмайдиган мамлакатнинг раҳбарларини раҳбар дейишга арзимайди”, - деди.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги пайтларда ўзбекистонлик аёлларнинг Қозоғистонга келиб, фоҳишалик қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Яқинда Чимкент шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланиб келаётган ўзбекистонлик 16 нафар ўзбек қизи депортация қилинди.

“Яқинда бир қозоқ йигити билан айтишиб қолдик. Ўша йигит ўзбек аёлларининг 30-40 фоизи фоҳиша бўлиб кетди, деб қолди. Мен ўзбек бўлганим учун чидаб тура олмадим. Нега унақа деяётганини сўрасам, кўриб, эшитганини айтаётганини билдирди. Фактлар жуда ҳам кўп. Туркистондай таббаррук, зиёратгоҳ шаҳарда ҳам Ўзбекистон аёллари бориб, фоҳишалик билан шуғулланадиган махсус жойлар бор экан. Бу биз ўзбек эркакларининг жуда ҳам ориятини келтиради. Бу шармандали, уятли ҳолат миллат шаънига ҳам доғ бўлиб тушяпти”, - дейди профессор Б.Норбоев.

Маълумотларга кўра, ўзбекистонликларнинг фоҳишалик билан шуғулланиши фақат Қозоғистонда эмас, бошқа қўшни мамлакатларда ҳам кузатилади.

Оқсувкентлик Абдумалик Сармонов яқинда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига борганида шундай ҳолатларга гувоҳ бўлганини айтди.

“Ўшда Андижондан келиб, фоҳишалик билан шуғулланаётган ўзбек қизлари жуда ҳам кўп эканига гувоҳ бўлдим. Шу вақтгача ўзбек қизларининг фоҳишалик қилиши биз учун даҳшат бўлиб туюлган. Андижондай буюк тарихга эга, иймони мустаҳкам жойнинг қизлари шу қадар тубанликка тушганидан жуда қаттиқ ўкиндим. Жуда ҳам нафсониятга тегадиган бундай ҳолат кейинги пайтда кўпайиб кетяпти. Ўзбек аёлини у жойда кўрдим, бу жойда кўрдим, деган жуда ҳам номақбул гап-сўзлар айтилади. Миллат ғурури қайга кетди? Бу ҳолатлар одамни қаттиқ ўйлантириб қўяди”, - дейди А.Сармонов.
XS
SM
MD
LG