Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:09

Мучал ёшини нишонлаш яна урф бўляпти


Шўролар даврида анча унутилиб қолган мучал ёшини кенг нишонлаш анъанаси ўтган асрнинг 90-йилларидан жанубий қозоғистонлик ўзбеклар орасида яна урфга кира бошлади.

12 ёшли Салоҳиддин Нуриддинов андижонча рақсни маромига етказиб ижро этади. У келажакда раққос бўлиш ниятида. Салоҳиддин Сайрам қишлоғидаги Ҳамза номидаги мактабнинг 6-синфида ўқийди. Салоҳиддин ва унинг синфдошлари шу кунларда мучал ёшини нишонлаяпти.

Мактаб директори Мансурхон Қодировнинг айтишича, ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб мучал ёшини тантана қилиш урфга кирган.

”Мактаб ёшида ўқувчи мучал тўйини фақат бир марта нишонлайди. Биз мактабда болаларнинг илк мучал ёшини нишонлашни анъана қилганмиз. Кўп йиллардан бери ҳар йили мактабда ўқувчиларнинг мучал тўйини ўтказамиз”, - дейди директор.

Тарихдан маълум, илгари туғилган кунлар ҳозиргидек ҳар йили нишонланмаган. Ўша вақтларда ҳар 12 йилда бир марта мучал тўйи ўтказилган, холос.

“Ҳар 12 йилда бир марта такрорланадиган мучал ёшида ота-боболаримиз ўзининг кийим-бошини бошқаларга совға қилган. Сизлар ҳам менинг ёшимга етинглар, деган маънода шундай қилинган. Ҳатто мучал ёшидаги момоларнинг кийимларини сўраб ҳам олишган. Бу яхши анъаналардан биридир”, - дейди М.Қодиров

Невараларининг мучал тўйига ташриф буюрган 80 ёшли Норгул момо билан Ирисбуви момонинг сўзларига кўра, улар шу пайтгача бирор марта ҳам мучал ёшларини нишонламаган.

”Биз ёш пайтимизда отамиз ўлиб кетган. Онамиз 5 бола билан бева қолган. Шундай экан, бизни боқадими, мучал тўйи қилиб берадими”, - дейди Норгул момо.

Ирисбуви момо эса: “Биз мучал ёшларимизни нишонламадик. Ҳозирги ёшлар мучал тўйи қиляпти. Биз кўрмаган яхши кунларни улар кўрсин. Бахтли-саодатли бўлсин”,- деб дуо қилди.

Сайрамлик 40 ёшли Мунаввар Товбекованинг билдиришича, сўнгги йилларда жанубий қозоғистонлик ўзбеклар орасида мучал ёшини катта шодиёналар билан нишонлаш урф бўляпти.

”Мен ва тенгдошларим ҳам мучал ёшини ҳеч қачон нишонламаганмиз. Биз фақат ҳар йили туғилган кунимизнигина тантана қилишга одатланганмиз. Мучал ёшларини катта тўйлар қилиб нишонлаш мустақиллик йилларидан бошланди. Ҳозир катта ёшдагилар ҳам мучал тўйини ўтказади. Яқинда қайнотамга 72 ёшида мучал тўйи қилиб бердик”, - деди М.Товбекова.

Қарияларнинг таъкидлашича, қайси мучалда туғилиш одамнинг тақдирига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Турли мучал йилларида туғилган инсонларнинг характерлари ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади.

Илк мучал ёшини нишонлаётган сайрамлик 6-синф ўқувчилари ит мучали йилида таваллуд топган.

“Ит мучали остида туғилган инсонлар бир-бирига самимий ва меҳрибон бўлади. Ўқувчиларимнинг барчасида ана шу фазилатлар мужассам”, - дейди мучал ёшини нишонланаётган болаларнинг синф раҳбари Умида Турсинметова.
XS
SM
MD
LG