Линклар

АҚШ Давлат Котиби Суданга халқаро кучлар жойлаштирилишини таклиф қилмоқда

  • Ҳасанжон

Ўтган ҳафта Судан ҳукумати ва мамлакатнинг Дарфур вилоятидаги йирик партизан гуруҳлари ўртасида тинчлик шартномаси имзоланган эди. 9 май куни кечқурун Нью Йоркда БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўлади. Унда АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Дарфур вилоятига БМТ халқаро кучлари жойлаштирилишини таклиф қилиши кутилмоқда. Айни пайтда, АҚШ президенти Жорж Буш ўз мамлакатининг Суданга кўрсатаётган ёрдами хажмини кўпайтиришга ваъда берди.

Суданнинг Дарфур вилоятида 2003 йилдан бери давом этиб келаётган зўравонликлар оқибатида 180 минг одам қурбон бўлди, икки миллион киши ўз уйларини ташлаб бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлди. АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлган беш давлат: АҚШ, Британия, Франция, Россия ва Хитой Ташқи ишлар вазирлари учрашувида Дарфур вилоятига БМТнинг 14 минг аскардан иборат тинчликни сақловчи халқаро кучларини жойлаштиришни таклиф қилиши кутилмоқда.

Ҳозир Дарфурда Африка Иттифоқининг етти минг аскардан иборат тинчлик ўрнатувчи кучлари жойлаштирилган. Шу боис Нью Йорк учрашувида Африка Иттифоқига раислик қилаётган Конго демократик республикаси Ташқи ишлар вазири Раймонд Рамазани Бая ҳам иштирок этади.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Болтон Вашингтон расмийлари халқаро кучлар Дарфур вилоятида тез фурсатда жойлаштирилишини хоҳлашини айтди. БМТ Бош қароргоҳида 8 май куни журналистлар саволларига жавоб берган Болтон:

“Биз БМТ тинчликпарвар кучлари имкон қадар қисқа фурсатда жойлаштирилишини хоҳлаймиз. Аммо режалаштириш ишлари тугамагунича бу жараённи тезлатиш имконсиз. Шу боис халқаро кучларнинг Дарфурга жойлаштирилиши режалаштириш ишлари қачон тугашига боғлиқ. Шунингдек, биз ўтиш даври мобайнида Судандаги Африка Иттифоқи кучлари ҳам кучайтирилишини хоҳлаймиз”, – деди АҚШнинг БМТдаги элчиси Ж.Болтон.

Айни пайтда АҚШ президенти Жорж Буш Конгрессдан Суданга 225 миллион доллар хажмида озиқ-овқат ёрдами кўрсатиш ҳақидаги таклифни тезроқ тасдиқлашга чақирди.

Дарфур бўҳронини ҳал этиш жараёнида муаммолар ҳам йўқ эмас. 9 май куни Хитой ҳукумати БМТнинг тинчлик ўрнатувчи кучлари таркибида Суданга ўз кучларини жўнатиш ниятида эмаслигини билдирди. Бир неча ой олдин Хавфсизлик кенгашида Дарфур масаласида Судан ҳукуматига босим ўтказиш чоралари кўрилаётганда Хитой ўзининг вето қўйиш ҳуқуқидан фойдаланиб бу уринишларни йўққа чиқарган эди.

Ўтган ой Хавфсизлик кенгашида Дарфур қирғинлари учун масъул экани айтилаётган Суданнинг тўрт нафар юқори лавозимли расмийсига санкция жорий этиш ҳақида резолюция овозга қўйилганда Хитой вакили бетараф қолди.

Маълумки, Хитой Судан нефтининг асосий харидори ва Судан ҳукуматини қурол-аслаҳа билан таъминлаётган асосий давлат ҳисобланади. Судан ҳукуматига қурол сотаётган яна бир мамлакат Россия ҳам ўтган ойги овоз беришда бетараф қолган. Бироқ Дарфур вилоятига БМТ халқаро кучлари жойлаштирилишига энг асосий тўсиқ Судан ҳукуматининг ўзи бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG