Линклар

Уруш йилларида ҳам порахўрлар бўлган


Қозоғистонда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 61 йиллиги кенг нишонлашмоқда. Мазкур урушда ҳалок бўлган 1,5 миллион қозоғистонлик хотирланиб, улар руҳига жойларда Қуръон тиловат қилиняпти.

Ғалаба куни муносабати билан Қозоғистонда уч кунлик дам олиш эълон қилинган бўлиб, бу санада энг чекка қишлоқларда ҳам байрам дастурлари намойиш этиляпти.

Уруш даҳшатлари ҳали ҳам тулебийлик 85 ёшли Абдаз Ўрмоновнинг тушларига киради.

”Бир қўлимдан айрилдим, иккита қовурғам жароҳатланган, белим шикастланган, шунда ҳам ўлмай, юртга қайтиб келдим. Ҳалигача азоб беради жароҳатларим. Барибир худога шукур қиламан шу кунларга етказганига”, - дейди уруш фахрийси.

Алишер Навоий қишлоғида яшовчи 83 ёшли Туғатой Оталбеков ҳам Иккинчи жаҳон уруши даврида тўрт йил жанггоҳларда қон кечган.

”Москвани озод қилишда қатнашганман. Куни билан қаттиқ ёмғир ёққан эди ўшанда. Тунда эмаклаб бориб, фашистларни енгганмиз. Немисларнинг кўплари асир тушган”, - эслайди Т.Оталбеков.

Султонработлик 82 ёшли Қурбонали Тўйчиевнинг таъкидлашича, уруш даврида ҳам пора бериш одатлари бўлган. Маҳаллий мансабдорларга пора бериш эвазига урушга бормай қолганлар кўп бўлган.

”Шундайларни кўп эшитганман, ўзим гувоҳи бўлганман. Масалан, султонработлик Болтабой Носировни урушга чақиришганида отаси битта қўй, уч шиша ароқ, бир челак тухум олиб бориб берган. Болтабой биз билан тенгдош эди. У урушга бормади, биз кетдик”, - дейди Қурбонали ота.

Қ.Тўйчиевнинг билдиришича, уруш пайтида руслар марказий осиёликларга нисбатан салбий муносабатда бўлган. Ўзбек ёки қозоқ миллатидаги аскарлар ҳатто жангга ёғоч милтиқ билан кирган пайтлари ҳам бўлган.

”Марказий Осиёдан аскарларни олиб келишди. Бирига ўқ-дори билан милтиқ берса, бошқасига ёғоч билан ўқ-дори беришди. Агар биринчиси ҳалок бўлса, иккинчиси унинг милтиғини оларди. Милтиқ етишмасди. Ўзбек-қозоқларга шундай қилишарди”, - хотирлайди отахон.

Туғатой Оталбековнинг сўзларига кўра, уруш пайтида Ватанига хиёнат қилиб, фашистлар томонга ўтиб кетганлар ҳам кўп бўлган.

”Бомбанинг остида қоласизми, ўқдан ўласизми, одам барибир қўрқарди. Менга немислар томонга ўтиб кетишни таклиф қилганлар кўп бўлган. Мен ўлсам ҳам совет ерида ўлишимни айтганман. Ўтиб кетганларни кўрганман. Ўзимизникилар бундайларни кўрса, отиб ташларди. Бирга юргач, ичим ачиганидан уларни отиб ташламаганман”, - дейди Т.Отабеков.

Қурбонали Тўйчиев эса уруш йилларини эслар экан, Ғалабага эришишда рус ароғининг ҳиссаси катта бўлганини билдирди: “Ҳар куни эрталаб бизга 150 грамм ароқ беришарди. Ароқни ичгач, доим маст одамдай урушда бўлаётган воқеаларни тушда кўргандай бўлиб юради одам. Ароқ ичгач, қўрқув бўлмасди. Бошлиқларнинг буйруқлари ҳам сўзсиз бажариларди. Шунинг учун ҳар куни ароқ бериларди. Ҳамма ичарди. Ичмаган одам бўлмасди”.

Иккинчи жаҳон урушидаги жасоратлари учун қозоғистонликлардан 100 мингга яқини юксак орден ва медаллар билан тақдирланган. Уларнинг 500 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.

Ғалаба куни муносабати билан Қозоғистоннинг деярли барча жойларида уруш қатнашчилари эъзозланиб, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда.

”Ўтган йили Ғалабанинг 60 йиллиги муносабати билан бизга жуда катта ёрдам берилди. Ҳар бир уруш қатнашчисига 45 минг танга пул, радио- телевизор улашилди”, - дейди чимкентлик Асқар ота.

”Давлат томонидан бизга фақат пенсия берилади. Бошқа нарса йўқ. Энди пенсияси етади-ёв, бироқ қўшимча яна беришса, йўқ демасдик”, - дейди яна бир ветеран Абдаз Ўрмонов.
XS
SM
MD
LG