Линклар

Аҳмадийнажод Бушга мактуб йўллади

  • Сарвар Усмон

8 май куни Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот АҚШ раҳбари Жорж Бушга мактуб йўллади. Теҳрон расмийлари бу мактуб Эроннинг ядровий дастури атрофидаги бўҳронни бартараф этиш йўлидаги “янги дипломатик имконият” бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Оқ уй вакили Скотт МакКлеллан Аҳмадийнажотнинг Бушга йўллаган хати Швейцариянинг Теҳрондаги элчихонаси орқали олинганини маълум қилди.

Шундай қилиб, Эрон президенти сўнгги 27 йилдан бери кузатилмаган ишни қилди, яъни АҚШ раҳбарига хат йўллади.

Аҳмадийнажот ўз мактубини Эрон халқининг “истак-иродаси ифодаси”, деб атади. Бироқ у мактуб мазмунига ойдинлик киритишга шошилмаяпти.

БшЮ“Исломий одобимиз мактубимиз мазмуни тўғрисида гапиришимизга ҳозирча изн бермайди ва биз хат олувчининг жавобини кутяпмиз. Жавобни олайлик, ўшанга қараб бир иш кўрармиз”, - деди Эрон президенти.

Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши раиси ва Эрон ядровий дастури бўйича бош музокарачи Али Ларижоний президент Аҳмадийнажотнинг ҳамкасби Бушга йўллаган номаси Эрон ядровий дастури атрофидаги бўҳронни бартараф этиш йўлидаги “янги дипломатик имконият” бўлиши мумкинлигини таъкидлар экан, айни пайтда хат Теҳроннинг ўз ядровий дастури масаласида “позицияси юмшаганини билдирмаслиги”ни айтди.

Вашингтон расмийлари фикрича, Эрон президенти хатида унинг ядровий дастури билан боғлиқ муаммонинг ҳал бўлишига таъсири тегадиган ҳеч қандай янги гап йўқ.

Ғарб матбуоти АҚШ расмийларига таяниб, Эрон президентининг мактуби 16 бетли экани, унда Эроннинг Ғарб билан кўп асрли алоқалари тўғрисидаги фалсафий, тарихий ҳамда диний қарашлар ифодаланганини хабар қилмоқда.

АҚШ ҳозирча Эрон президентига жавоб хати ёзгани йўқ.

Шунга қарамай, Вашингтон Теҳроннинг ядровий дастури бўйича БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясининг қабул қилиниши учун ҳаракат қилмоқда.

Давлат котиби К.Райс 8 май куни Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари билан учрашди.

“Халқаро ҳамжамият бирлашиб, Эронга унинг олдига қўйилган талабларни бажариш вақти етиб келганини аниқ-тиниқ уқтириб қўйиши керак”, - деди АҚШ давлат котиби.

Хабарларга қараганда, Нью-Йоркда ўтказилаётган сўзлашувларда Эрон масаласида ҳозирча якдилликка эришилмаган.

Буюк Британия ва Франция Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатмагани учун унга нисбатан санкциялар қўллашни назарда тутувчи резолюция қабул қилиш тарафдори.

Бундай таклифни АҚШ ва Германия қўллаб-қувватламоқда. Бироқ Россия ва Хитой санкциялар қўллаш тўғрисидаги резолюция учун овоз бермоқчи эмас.
XS
SM
MD
LG