Линклар

logo-print

АҚШлик қонун чиқарувчилар Ўзбекистонга нисбатан санкция жорий этишни таклиф қилмоқда

  • Ҳасанжон

13 май куни Андижонда қонли воқеалар рўй берганига бир йил тўлади. 9 май куни АҚШ пойтахтида шу санага бағишланган тадбир ўтказилди. Унда қатнашган АҚШ Сенатори Жон Мак Кейн ва конгрессмен Кристофер Смит Марказий Осиё давлатларида демократияга оид қонун лойиҳасини конгрессга қайта тақдим этиш ниятида эканликларини билдирдилар.

Агар у қабул қилинса, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият яхшиланмагунича ва Андижон воқеалари бўйича мустақил халқаро текширув ўтказилмагунча АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга ёрдам беришни тўхтатади.

Озодлик мухбири Жулие Корвин Вашингтондан ёзишича, Мак Кейн ва Смит таклиф қилмоқчи бўлган хужжат президент Ислом Каримовнинг оила аъзолари ва яқинларига АҚШга киришлари учун виза бермаслик, шунингдек, уларга тегишли банк ҳисобларининг ҳам музлатилишини назарда тутади.

АҚШ президенти лавозими учун 2008 йилда ўтказиладиган сайловда Республикачилар партияси номзоди бўлиши айтилаётган сенатор Жон Мак Кейн охирги бир йил ичида Ўзбекистондаги шундоқ ҳам ёмон бўлган инсон ҳуқуқлари аҳволи янада оғирлашганини айтди:

“Бир йил олдин Ўзбекистонда мустақил ахборот воситалари ёки мухолиф партиялар йўқ эди. Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият аянчли ва сиёсий ҳуқуқлар қандайлиги деярли номаълум эди. Ҳукумат исломий терроризмга қарши кураш баҳонасида кўпинча ўзига қарши бўлганларни таъқиб қилар эди. Баъзан улар қўлга олиниб қийноққа солинар эди. Орадан бир йил вақт ўтди. Вазият янада ёмонлашди”, – деди АҚШ сенатори.

Озод Европа/Озодлик радиоси ҳамда Карнеги Халқаро тинчлик жамғармаси ҳомийлигида ўтказилган тадбирда чиқиш қилган конгрессмен Кристофер Смит Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи Андижон воқеаларидан олдин ҳам ёмон эди, деган фикрга қўшилишини айтди. Унга кўра, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволининг ёмонлиги хавфсизлик борасида АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлигига халал берган.

Конгрессмен Кристофер Смит Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Хизбут Тахрир каби гуруҳларнинг Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонга ҳам таҳдид солаётганини тан олиш баробарида, маҳбусларга нисбатан қийноқ усулларининг кенг қўлланилиши ва “Исломга қарши кураш” вазиятни янада оғирлаштиради, деди.

“Каримовнинг фақат репрессияга таяниши, менимча, вазиятни янада оғирлаштириб, радикал ва террорчи гуруҳлар сафи кенгайишига туртки бўлиши мумкин”, – дейди конгрессмен Смит.

Унинг фикрини қўллаб-қувватлаган сенатор Жон Мак Кейн Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоси нафақат Ўзбекистондаги вазиятни оғирлаштириши, балки АҚШнинг минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ манфаатларига ҳам путур етказишини айтиб, АҚШни Европа Иттифоқи тутган йўлдан боришга чақирди:

“Тошкент расмийлари хатти-ҳаракати бизнинг хавфсизлик манфаатларимизга зиддир. Улар хорижда эркинлик ва демократияни рағбатлантириш йўлидаги уринишимизни синовга тутмоқда. Биз америкаликлар сифатида Ўзбекистонда содир этилган ҳуқуқ бузилишларини кўра-била туриб сукут сақлаб тура олмаймиз, деб ўйлайман. Европа Иттифоқи сукут сақлаб тура олмади. Европа Иттифоқи ўтган йил октябр ойида Ўзбекистонга қурол эмбаргоси жорий қилди ва Андижонда рўй берган қонли воқеалар учун масъул бўлган расмийларга виза чеклови жорий қилди. Биз ҳеч бўлмаса, шундай чоралар кўришимиз керак”, – деди АҚШ сенатори.

Конгрессмен Смитга кўра, охирги бир йил давомида АҚШ Ўзбекистонга қурол етказиб бермаган. Лекин таклиф этилаётган қонун лойиҳаси жорий ҳолатни қонун орқали мустаҳкамлайди. Бундан ташқари:

“Хужжатнинг санкцияларга оид бандида Андижон қирғини ёхуд инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилаётгани учун масъул бўлган Ўзбекистон расмийлари, уларнинг оила аъзолари ва яқинларига тегишли мулклар музлатилиши кўзда тутилади”, – дейди конгрессмен К.Смит.
XS
SM
MD
LG