Линклар

Бошлиқлар мавжуд ҳолатдан бехабармикин?

  • Барно Анвар

Навоий шаҳридаги 64/46 рақамли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган маҳбус Аваз Бойматовнинг рафиқаси эрига нисбатан қийноқ қўлланилгани ва унинг намоз ўқиши бунга сабаб бўлганини маълум қилди.

Шаҳодат Бойматованинг сўзларига кўра, 2006 йил 13 апрель куни турмуш ўртоғини кўриш учун қамоқхонага борган ва маҳбуслар намоз ўқигани учун қийноққа солинаётганидан хабар топган.

“Турмуш ўртоғим ва унинг шерикларини фақат намоз ўқигани учун уриб, совуқ сувда асфальт ювдиришаётган экан. Ўлдириб юбориш, ўлигини ҳеч ким топа олмаслиги билан дағдаға қилиб, қийнашаётган экан. Турмуш ўртоғимнинг бир шериги кўзлари кўкариб кетганини кўрдим, эримни уришганига эса анча бўлган экан. Улар биздан бу ҳолатлар ҳақида бошлиқларга айтишимизни, намоз ўқишларига рухсат берилишини сўради”, - деди Ш.Бойматова.

Унинг айтишича, қамоқхона раҳбари бундан бехабар. У ва у билан бирга яна уч аёл қамоқхона раҳбарини хабардор этишга ҳаракат қилган, бироқ унинг қабулига кира олмаган. Ҳозир турмуш ўртоғи ва унинг шериклари яширинча намоз ўқишга мажбур бўляпти.

“Бошлиқлар намоз ўқийдиганларга индамасликни буюрган экан. Лекин уларнинг бўлиб ўтаётган воқеалардан хабари йўқ экан. Бунинг ҳаммасини ичкаридаги тезкор ходимлар қилаётган иш экан”, - деди Ш.Бойматова.

Аваз Бойматов илк бор 2000 йилда Жиноят кодексининг 159, 216, 244-моддаларига кўра, конституциявий тузумга тажовуз, тақиқланган жамоат ва диний ташкилотлар тузиш, экстремизм, фундаментализм каби жиноятларда айбланиб, 13 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. 2003 йилда эса амнистияга тушиб, озод этилган.

Аммо 2005 йил 5 апрелда ҳуқуқ-тартибот органларининг 12 ходими уни яна олиб кетган. Бу гал А.Бойматов ваҳҳобийликда айбдор топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Шаҳодат Бойматова эса эри бегуноҳ қамалганини айтмоқда.

“Турмуш ўртоғим ноҳақдан ноҳақ ўтирибди. Аслида ноҳақ ўтирганининг ўзи етарлимасми, нега яна қийнашади? Булар айбсизлиги учун уларнинг ишини кўрган судья ҳам узоқ вақтгача ҳукм чиқара олмай юрди. Кейин битаётган иш бошқа судьяга ўтказилди. У эса Тоштурмага бориб, ўша ерда ўлим тўшагида ётган бир йигитни ҳам, буларни ҳам қамаб юборди. Ўлаётган одамни ҳам беш йилга ҳукм қилишди”, - деди Ш.Бойматова.

Ш.Бойматова тилга олган “ўлим тўшагида ётган” маҳбус унинг эри билан бирга судланган 6 кишидан бири – Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги “Исмоил ота” масжиди имоми Шавкат Мадумаров эди. Шавкат Мадумаров судга қадар соғлиги ўта оғир аҳволда ҳибсда сақланган, суд йиғилишига кўтариб олиб келинган ва ҳукмдан икки кун ўтиб, Тоштурмада вафот этган эди. Унинг яқинлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари Ш.Мадумаров қаттиқ қийноққа солинганини айтганди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов мамлакатда қамоқхоналар ичида ҳам маҳбуслар диний эътиқоди учун тазйиққа учраётганини эътироф этди.

“Бизда қамоқхонада намоз ўқиш тақиқланганига оид маълумотлар бор. Яқинда маҳбусларга намоз ўқишга рухсат берилмагани тўғрисида улардан бирининг турмуш ўртоғи мурожаат қилганини хабар бердик. Бу аёл қамоқхона раҳбарига учраганда, раҳбар очиқ-ошкор намозга рухсат берилмаслигини айтган. Албатта, мен ҳамма қамоқхоналарда ҳам шундай, деб айта олмайман. Ҳозир Ўзбекистонда элликка яқин қамоқхона бор”, - деди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG