Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 05:38

Ўзбек ёшларининг қаноти бўлаётган уюшма беш ёшга тўлди


Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек ёшлари уюшмаси тузилганига беш йил тўлди. Вилоятдаги ўзбек ёшларининг муаммоларини ечишда бу уюшманинг кўмаги катта бўлаётир.

Ўзбек ёшлари уюшмаси Жанубий Қозоғистондаги бошқа миллатлар ёшларининг ташкилотлари орасида энг етакчиси ҳисобланади.

“1990 йили вилоятда ўзбек маданияти маркази ташкил қилинган. Шу вақтдан бошлаб ҳисоботларда ёшлар уюшмаси фаолият кўрсатаётгани ҳам қайд этилган. Ваҳоланки, ҳеч қандай уюшма бўлмаган ва фақат қоғозларда мавжуд эди, холос. Фақат 2001 йилдагина бир гуруҳ фаол ўзбек ёшлари билан биргаликда уюшма ташкил этдик. Шу кундан буён уюшмамиз жуда кўплаб ишларни амалга оширди. Худога шукур, уюшмамиз вилоятимиздаги бошқа миллатлар марказлари орасида биринчи бўлиб дунёга келган ва ҳозиргача энг фаоли ҳисобланади”, - дейди ўзбек ёшлари уюшмаси раиси Саид Хайруллоҳ.

Жанубий Қозоғистон Тиббиёт академиясининг 4-курс талабаси Жамшид Асанов ўзбек ёшлари уюшмасининг фаол аъзоларидан.

”Кўп ишлар қилдик. Масалан, ҳар йили ўзбек тилида “Қувноқлар ва зукколар” танловини ўтказиб келяпмиз. Вилоятимизда мактаб ўқувчиларидан иборат юздан зиёд гуруҳимиз бор. Бу йил талабалар ўртасида ҳам шундай танлов ўтказишга муваффақ бўлдик. Шунингдек, ҳар йили “Офарин” танловини ўтказамиз. Унда санъат соҳасида қобилиятли ўзбек ёшлари танлаб олинади”, - деди Ж.Асанов.

Саид Хайруллоҳнинг таъкидлашича, уюшма ташаббуси билан ўзбек қизлари орасида “Ўзбегим жавоҳирлари” гўзаллик танлови ташкил қилинди. Уюшманинг ҳар йили ўтказиладиган “Болалигим пошшолиги” хайрия акцияси бор. Унда ҳомийлар кўмагида 60-70 етим болага ёрдам кўрсатилади.

Чимкентдаги 53-мактабнинг ёш ўқитувчиси Ҳасан Суярқулов уюшма фаолияти вилоятдаги ўзбек ёшлари учун жуда муҳимлигини билдирди. Зеро, унинг айтишича, Жанубий Қозоғистондаги ўзбек ёшларини бирлаштириш, жипслаштиришда уюшманинг ҳиссаси катта. Ташкилот томонидан турли байрамларда тадбирлар ўтказилади. Шунингдек, фаслларга қараб мавсумий тадбирлар ҳам ташкил килинади. Бундай тадбирларда ёшлар бир-бири билан яқинроқ танишади.

Уюшма раҳбари Саид Хайруллоҳ жанубий қозоғистонлик ўзбек ёшларини қийнайдиган анча-мунча муаммолар борлигини айтади. Ўзбек ёшларининг энг катта муаммоларидан бири олий ўқув юртларига киришдир. Чунки Қозоғистонда тест саволлари фақат қозоқ ёки рус тилларида бўлади. Яна бир муаммо – давлат лавозимларида ўзбек ёшларининг йўқлиги.

“Лекин кейинги пайтда бу муаммо ечимини топяпти. Шахсан ўзим шу йилнинг 1 мартидан бошлаб Жанубий Қозоғистон вилояти ички сиёсат департаментида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаяпман. Учинчи муаммомиз Ўзбекистон билан алоқа ўрнатишнинг жуда ҳам қийинлигидир. Чегара муаммолари сабаб ўзбекистонлик тенгдошларимиз билан боғлана олмаяпмиз”, - деди С.Хайруллоҳ.

Вилоятдаги Халқаро техника университети талабаси Зафар Йўлдошевнинг сўзларига кўра, уюшма иложи борича кўпроқ тадбирлар ташкил этишга ҳаракат қилмоқда. Чунки ўзбек ёшлари ўз она тилини унута бошлаб, Европа одатларига ўрганиб қолаётир.

“Ахир ўзимизнинг урф-одатларимиз, она тилимиз, тарихимиз бор. Биз мана шу миллийлигимизнинг давомчилари бўлишга интиламиз”, - деди талаба.
XS
SM
MD
LG