Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:03

Қирғизистон раҳбари жиддий кадрлар алмашинувини амалга оширди


10 май куни Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев юқори лавозимли бир неча амалдорни ишдан олиб, уларнинг ўрнига бошқаларни тайинлади. Бу йирик ўзгаришларга турлича муносабат билдирилмоқда.

Қ.Бақиев Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарини алмаштирди. Давлат котиби истеъфо берди ва унинг истеъфоси қабул қилинди.

Энг кучли позициялар раҳбарларини ўзгартирар экан, Қирғизистон раҳбари нимани ўйлагани қоронғу, лекин сувнинг бетида турган сабаблар ҳам йўқ эмас.

Гап шундаки, Тоштемир Айтбоевнинг Миллий хавфсизлик хизмати бошлиқлигидан, Достон Сариғуловнинг давлат котиби лавозимидан ва бошқа айрим арбобларнинг бошқа етакчи лавозимлардан кетишини мухолифат қаттиқ туриб талаб қилаётган эди.

29 апрель куни Бишкекда ўтказилган кўпминг кишилик митингда илгари сурилган талаблардан бири ҳам айнан шу талаб – кадрларни ўзгартириш эди.

Қирғизистонда давлат котиби ички сиёсат, мафкура масалалари билан шуғулланади.

“Эркиндик” партияси раиси Тўпчибек Турғуналиев ўтган йили давлат котиби лавозимига Д.Сариғуловнинг тайинлангани ўшанда ҳокимият йўл қўйган хатолардан бири бўлганини таъкидлади.

10 май куни президент маъмурияти бошлиғи Усен Сиддиқов ҳам ишдан олиниб, бошқа ишга ўтказилди.

Т.Турғуналиевнинг айтишича, У.Сиддиқовни ишдан олиш талаби у амални эгаллаган кунлардан бошлабоқ президент олдига қўйиб келинаётган эди.

Президент 29 апрель кунги митингда қўйилган талабларни бажара бошлагандай. Унинг бу қадами 27 майга режалаштирилган навбатдаги митингнинг олдини оладими?

“Демократик кучлар иттифоқи партияси” сиёсий кенгаши аъзоси Умурбек Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, 27 майга белгилаган митинг ўтказилади, аммо у анча “юмшоқ” бўлади.

Зеро, қирғизистонлик яна бир сиёсатчи Жирғалбек Турудухўжаевнинг билдиришича, баъзи бир арбобларни ишдан бўшатиш 29 апрелдаги митингда президент олдига қўйилган 10 талабдан биттаси, холос.

Президентнинг матбуот котиби Нодир Мўминов мамлакат раҳбариятидаги кадрлар алмашинувига изоҳ берар экан: “Амалдорлар жамият барқарорлигини таъминлаш чораси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфо сўраб ариза берди”, - деди.

“Эркиндик” партияси раиси Тўпчибек Турғуналиев ҳам баъзи давлат амалдорларининг хизматдан кетишини ижобий қадам сифатида баҳолади.

“Сиёсий вазиятни барқарорлаштиришга, халқ билан ҳокимият, ҳокимият билан мухолифат ўртасидаги мулоқотнинг тикланишига хизмат қиладиган қадам бўлди”, - деди Т.Турғуналиев.
XS
SM
MD
LG