Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:37

“Бир зулмкорни жазосиз қолдириш бошқа зулмкорларга йўл бериш демакдир”


Бундан бир ҳафта муқаддам фожеали ҳалок бўлган Тожикистон ислом уйғониш партияси аъзоси Саъдулло Маъруповнинг яқинлари у аввал калтаклаб ўлдирилиб, сўнг деразадан пастга улоқтирилганини айтмоқда.

С.Маърупов 4 май куни Сўғд вилоятининг Исфара тумани ички ишлар бўлимида ҳалок бўлган эди. Милициянинг бидиришича, у ўзини ИИБ биносининг 3-қаватидан ташлаб юборган.

Илк бор шу йилнинг 24 мартида ҳибсга олинган С.Маърупов экстремистик диний оқимга аъзоликда айбланган. Ислом уйғониш партияси бошқаруви аъзоларидан бири Воҳидхон Қосимовнинг айтишича, унга аниқ бир айб қўя олишмаган. С.Маърупов гоҳ “Ҳизб ут-таҳрир”, гоҳ Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумон қилинган.

Сўғд вилояти прокуратурасидан “Озодлик” радиосига маълум қилинишича, мазкур ҳолатни текшириб чиқиш мақсадида комиссия ташкил этилган. Айни пайтда С.Маъруповнинг ўлимига сабабчи бўлган икки милиция ходими ҳибсга олинган ва суриштирув-тергов ишлари давом этмоқда.

Хўш, Саъдулло Маърупов ким эди ва у диндор бўла туриб, ўз жонига қасд қилиши мумкинми?

Марҳумнинг укаси Ҳамидхон Маъруповнинг сўзларига кўра, акаси илгари ҳам бир неча бор милиция ходимлари томонидан ушлаб кетилган.

“Милиция ходимлари гўёки акам ўзини учинчи қаватдан ташлаб юборганини айтди. Лекин уйга олиб келиб юваётганимизда, унинг баданида калтаклар, қийноқлар излари борлигини кўрдик. Улар акамни ўлдириб қўйиб, кейин изларни яшириш мақсадида учинчи қаватдан ташлаб юборган”, - дейди Ҳ.Маърупов.

Ҳ.Маърупов акасининг ўз жонига қасд қилганига ишонмайди.

“Акамнинг бу ишни қилишига сира ишонмайман. Чунки у олим эди. Худкушлик гуноҳи кабира бўлишини у жуда яхши биларди. Соғлом фикрли ҳеч ким бунга ишонмайди. Бу менинг акам ҳаққига туҳмат. Уни ўлдиришди”, - деди Ҳ.Маърупов.

Унинг таъкидлашича, акасини 24 мартдан буён қийнашган, у эса уйидаги телевизор, мобил телефонларигача милиция ходимларига берган. Лекин ҳеч тинч қўйишмаган. Укаси бу ердан қочиб кетишни таклиф қилганида акаси гуноҳи йўқлигини, шунинг учун қочмаслигини айтган.

Ислом уйғониш партияси Исфара тумани бўлими раиси Абдусаттор Бобоев ҳам С.Маъруповнинг ўлими одий ўлим эмаслигини таъкидлади.

“Биз бу мажбурий ўлим, деб гумон қиламиз. Чунки барча амаллари Қуръон ва суннат асосида бўлган, элга таниқли мулла ҳеч қачон ўзини ўлдирмайди. Биз унинг ўлимига сабабчи бўлган одамлар ошкор этилишини ва жазоланишини талаб қиламиз. Зеро, бир зулмкорни жазосиз қолдириш бошқа зулмкорларга йўл бериш демакдир”, - деди А.Бобоев.
XS
SM
MD
LG