Линклар

Брюссель Андижонни эсламоқда

  • Абдулла Искандар

Андижон воқеаларининг бир йиллигига бағишланган тадбирларниннг энг муҳимларидан бир нечаси Европа Иттифоқи пойтахти хисобланадиган Брюссель шаҳрида ўтади.

11 май куни Европа парламентида “Андижон воқеларидан бир йил кейин” мавзуида давра суҳбати бўлади. Тадбирда Андижон воқеалари гувоҳлари - журналист Галима Бухорбоева ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилшод Тиллахўжевнинг маъруза қилиши кутилмоқда.


10 май куни бу тадбирда қатнашиш учун “Эрк” демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ ҳам Брюсселга етиб келди. У 10 май кечқурун қароргоҳи Брюсселда жойлашган Бўҳронларни ўрганиш маркази раҳбари Алан Делетроз билан учрашди. Суҳбат Андижон воқеалари сабоқларига ва Ўзбекистоннинг сиëсий истиқболига бағишланди.


Муҳаммад Солиҳ ҳам Европарламентда ўтадиган давра суҳбатида маъруза қилади. Унинг бу тадбирда қатнашиши сўнгги дақиқаларда маълум бўлди. Чунки аввалги рўйхатда “Эрк” раҳбарининг номи йўқ эди.



13 май куни Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонаси олдида норозилик тадбирлари ўтказиш учун сўнгги тайëргарликлар кўрилмоқда.

Норозилик тадбири ташкилотчиларидан бири - Ўзбекистондаги миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Олег Шестакович бу акция учун расмий рухсат олинганини билдирди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон элчихонаси ҳам бу тадбирга тайëргарлик кўрмоқда. Яъни элчихона ходимларига матбуот вакиллари ва норозилик тадбири қатнашчилари билан мулоқот қилиш тақиқланган. Айни пайтда элчихона ходимларига деразадан туриб норозилик тадбири қатнашчиларини суратга ва видеотасвирга олиш буюрилган.

Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси ва ЕИдаги вакили Владимир Норовнинг Европа парламентида Андижон воқеаларининг бир йиллигига бағишлаб ўтказиладиган тадбирда иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, элчихонанинг учинчи котиби Улуғбек Аъзамов номи ҳам давра суҳбати қатнашчилари рўйхатига киритилган.

Шунга қарамай, В.Норовнинг давра суҳбатида иштирок этмаслиги тўғрисида тахминлар бор. Кузатувчилар Ўзбекистон ҳукумати сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган Муҳаммад Солиҳнинг Европарламент тадбирида иштирок этиши В.Норов учун исталмаган ҳолат бўлганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG