Линклар

ҲРУ Андижонга оид янги ҳисоботини эълон қилди

  • Замира Шукур

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи нуфузли “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти “Ўзбекистон: Бир йил ўтиб ҳам Андижон бўйича адолат қарор топмади” номли янги ҳисоботини эълон қилди.

Мазкур ҳисобот ва унга оид баёнот “Ўзбекистон ҳукумати қўшинлари Андижонда юзлаб қуролсиз намойишчиларни ўққа тутгандан бери бу жиноят учун бирор одам жавобгарликка тортилмади”, деган сўзлар билан бошланади.

ҲРУ ижрочи директори Кеннет Роснинг (суратда) баёнотда келтирилган сўзларида “Андижон қирғинига мувофиқлашган ва кучли халқаро жавоб бериш бугун ҳар қачонгидан кўра ҳам долзарброқ” экани таъкидланади.

Бу жавоб эса, ташкилот тавсиясига кўра, ЕИ Ўзбекистонга нисбатан жорий қилган санкцияларни кенгайтириш, хусусан, юқори даражали Ўзбекистон расмийлари банк ҳисобларини музлатиш ва айни чораларнинг АҚШ томонидан ҳам қўлланилишидан иборат бўлмоғи керак.

Андижон воқеалари муносабати билан ЕИ Ўзбекистоннинг 12 амалдорининг тузилма ҳудудига киришини тақиқлаган ҳамда Ўзбекистонга нисбатан қурол-яроғ эмбаргоси жорий қилган эди. Шунга қарамай, бу рўйхат тепасидаги биринчи шахс бўлган Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги ички ишлар вазири Зокиржон Алматов Германияга келиб, бу ердаги хусусий шифохоналардан бирида даволаниб қайтган эди.

Айни шу воқеа, қолаверса, ЕИ жазо чораларининг Ўзбекистон ҳукумати хатти-ҳаракатларига таъсир кўрсатмагани бундай чораларнинг самара беришига нисбатан кўпчиликда шубҳа уйғотмоқда.

ҲРУнинг Марказий Осиë бўйича мутасаддиси Рейчел Денбернинг сўзларига кўра, санкциялар қўллаш тўғри иш.

“Рўйхатдаги расмийларга виза чеклови жорий этиш, уларнинг Ғарб банкларидаги бойликларини музлатиб қўйиш ҳам айни шундай тўғри ишдир. Бундай санкциялар самара бермайди, дейишга ҳали эрта. Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан чекловларни фақат 2005 йилнинг октябрида, Андижон қирғинидан олти ой ўтиб жорий қилди. Гарчи биз бу қарорни олқишласак-да, унинг кечикиб қабул қилинганини айтмай иложимиз йўқ. Қолаверса, ЕИ жазо чоралари ярим-ëртидир. Бугун Каримов режимига қарши тўлақонли санкциялар жорий қилиш, хусусан, Каримовдан тортиб, Ўзбекистондаги аксар юқори лавозимли раҳбарларининг АҚШ ва ЕИ банкларидаги мулкларини музлатиб қўйиш фурсати келди. Кимки бу иш самара бермаслигини айтса, мен бу гапга мутлақ қўшилмайман ва уларга бир оз сабр қилишни маслаҳат бераман”, - деди Р.Денбер.

Буюк Британия бош вазири Тони Блэр ҳам ҲРУ баëнотига ҳамоҳанг гапирди ва ўз ҳукумати Каримов режими мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшиламагунича унга қарши жазо чораларини янада кучайтириш тарафдори эканини айтди. Аммо айрим кузатувчилар, хусусан, Лондондаги халқаро масалалар бўйича қироллик институти таҳлилчиси Ширин Акинер бундай кескин ëндашувни танқид қилиб, Т.Блэр ва Ғарбнинг бошқа ҳукуматларига бошқачароқ йўл тутишни маслаҳат берди.

“Агар Буюк Британия бўладими, ëки Ғарбнинг бошқа ҳукуматлари Ўзбекистондаги вазиятни ҳақиқатан ҳам ўзгартиришни истаса, мен уларга Каримов ҳукумати билан жимгина, одоб сақлаганча ишлаб, уларга қандай ўзгариш қилишни кўрсатиш, уларни шунга ишонтиришни маслаҳат берган бўлардим. Бу ҳукуматни очиқ танқид қилиш, уни ҳақоратлаш вазиятни ўзгартирмайди. Аксинча, ғазаб ва аламзадалик яратади, Тошкент ҳукуматини янада қайсарлаштиради ва ҳатто энг яхши маслаҳатни ҳам рад этишига олиб келади. Маслаҳатим, норасмий, билвосита усулда Каримов ҳукуматига қарши эмас, у билан бирга ишлаш йўлларини топинг”, - деди Ш.Акинер.

Аммо ҲРУ бундай маслаҳатни “ахлоқсиз” деб билади ва қуролсиз халқни қирган ҳукумат билан ҳамкорлик қилишни унинг жиноятларига шерик бўлишлик, деб ҳисоблайди. Андижондан кейин Ўзбекистон ҳукумати билан ишлашнинг асосий шарти қирғин бўйича мустақил халқаро текширув ўтказиш ва ҳақиқий жавобгарларни жазога тортишдир. Бу ҳақда Р.Денбер гапирди.


“Биз ҳамон Андижон воқеалари бўйича мустақил халқаро текширув ўтказишга чақиряпмиз ва бундан кейин ҳам чақиришда давом этаверамиз. Айни шу талаб ҳаëт-мамот чизиғидир. Ундан бу ëғига қайтиб, мустақил текширув ўтказилмаса-ўтказилмаслиги айтилса, унда Ўзбекистон ҳукуматини жавобгарликка тортишнинг фундаментал нормаси, қолаверса, бир кун келиб адолат қарор топишига нисбатан умид йўқолади. Андижон қирғинига оид адолат ва ҳақиқат қарор топмас экан, биз бу воқеалар бўйича мустақил халқаро текширув ўтказишни талаб қилишда давом этаверамиз”, - деди Р.Денбер.

Ўзбекистон ҳукумати бундай чақириқларга жавобан Андижон воқеалари бўйича мустақил текшируви ўтказилгани, қолаверса, суд орқали бу воқеалар айбдорлари жавобгарликка тортилганини таъкидлаб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг махсус ишлар бўйича катта терговчиси Абдумутал Закурлаевнинг “Интерфакс” мухбирига айтишича, Андижон воқеалари бўйича ҳозирга қадар юздан ортиқ одам жавобгарликка тортилган, уларнинг бари қотиллик, ҳокимиятни куч воситасида эгаллашга уриниш, терроризм, ноқонуний равишда қуролга эгалик қилиш каби оғир жиноятларда айбдор топилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Андижон воқеалари “диний-экстремистик ташкилотларнинг ташқи кучлар ëрдамида ҳокимиятни қўлга киритиш мақсадида бирлашуви натижаси” эканини таъкидлаб, 13 май кунги воқеаларининг эртасига Ислом Каримов берган баëнот мазмунини қайта такрорлади.

Расмий Тошкентнинг Андижон воқеалари айбдорлари аллақачон жавобгарликка тортилгани ҳақидаги даъвосини ҲРУ рад этади.

“Бу судларнинг бирортасида на Бобур майдони ва на Чўлпон кўчасидаги қуролсиз намойишчиларга ким ўт очди, деган савол кўриб чиқилгани йўқ. Ваҳоланки, ҳамма гап ана шу саволнинг ҳақиқий жавобида қолган. Бу судлар адолат ғояси устидан масхара қилишдан ўзга нарса бўлмади. Ҳам тергов, ҳам суд жараëнларида қатор процессуал қоидалар қўпол равишда бузилди. Бу судловлар ўқ ëмғири остида қолган қуролсиз намойишчилар учун адолат қарор топтириш эмас, балки ҳукуматнинг Андижонда нима бўлди ва нима учун бўлди, деган версиясини маъқуллаб бериш учунгина ўтказилди”, - деди ҲРУ расмийси Рейчел Денбер.
XS
SM
MD
LG