Линклар

Ўш норозилик намойишига тайёрланяпти

  • Ҳурмат Бобожон

Андижон воқеалари ва ундан сўнг мухолифатга қарши бошланган тазйиқлар юзлаб одамни ватанини, оиласини ташлаб, қўшни Қирғизистонга қочишга мажбур қилди. Уларнинг кўпчилиги халқаро ташкилотлар кўмагида учинчи давлатга олиб ўтилган.

Қирғизистонда қолганлари эса Андижон воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан Ўшда норозилик тадбири ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда.

Абдужалил ака Ўш шаҳрининг чекка қисмида, мўъжазгина хонадонларнинг бирида кун кўради. Егуликка пули деярли йўқ. Туғилиб ўсган шаҳри Қўқонга қайтай деса хавфли, олиб кетишлари мумкин. “Эрк” демократик партияси фаолларидан бўлган Абдужалил аканинг айтишича, июль ойида “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг Қўқондаги ҳамраисларидан бири терговга чақиртирилиб, қамалган.

“Агар Қирғизистонга қочмаганимда, мени ҳам қамашлари мумкин эди. 15 июль куни менга чақирув қоғози келди. Бормадим. Агар борганимда, мени ҳам олиб қолишлари мумкин эди. 18 июль куни Қирғизистонга келдим”, - дейди “Эрк” фаоли.

Ҳозир Абдужалил ака ва у билан бирга Қирғизистонга қочишга мажбур бўлган мухолифатнинг бошқа фаоллари Ўзбекистонни қутқариш халқ қўмитасини тузган. Бу қўмита жума куни Ўшдаги ЕХҲТ ҳамда Россия консулхонаси олдида Андижон қирғинининг бир йиллиги муносабати билан пикет ўтказмоқчи. Пикет ташкилотчилари орасида ўзбекистонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Тоғавой Раззоқов ҳам бор. Ўш шаҳрига яқиндагина келган Тоғавой аканинг билдиришича, Ўзбекистонда вазият ўта аянчли. Ҳукумат бир йил аввалги 13 май фожеасини андижонликлар хотирасидан юлиб ташлашга уриняпти.

“Эрк” партиясининг Андижон вилояти бўлими раиси Исроилжон Холдоров ҳам Қирғизистонга яқинда келган. Унинг сўзларига кўра, Андижонда вилоят ҳокимлиги ўтган йил 13 май куни ҳалок бўлганларнинг яқинларини маърака маросимларини ўтказмаслик ҳақида огоҳлантирган.

“Ўзбек анъаналарига кўра, марҳум вафотидан бир йил ўтиб, марака ўтказилади. Аммо Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари уйма-уй юриб, 13 май куни ҳалок бўлган марҳумларнинг яқинларига одамларни чақирмасдан, учта-тўртта одам билан маърака ўтказишни талаб қилмоқда”, - деди И.Холдоров.

Абдужалил ака, Тоғавой Раззоқов, Исроилжон Холдоров ҳозир Қирғизистонда. Улар президент Ислом Каримов ҳукумат тепасида экан, у ерга бора олмасликларини айтди. Лекин бир куни Ўзбекистонда тинч инқилоб рўй беришига уларнинг ишончи катта. Ҳозирча эса мақсадлари дунё жамоатчилигига бир йил аввал Андижонда рўй берган ходисани яна бир бор эслатиш.
XS
SM
MD
LG