Линклар

Қирғизистон расмийлари мамлакат хавфсизлик кучлари Тожикистондан жанубий Қирғизистон ҳудудига ўтган жанггарилар гуруҳига қарши олиб борган операцияни якунланганини билдирди.


Қирғизистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, операция давомида Қирғизистон чегарачилари тўрт нафар қуролли жанггарини отиб ўлдирган, бирини ҳибсга олган.
Жума куни эрталаб улар Тожикистон ва Қирғизистондаги беш нафар чегарачини ўлдириб ўқотар қуролларни ўзлари билан олиб кетган эди.
Озодлик радиосининг қирғиз бўлими мухбири берган хабарга кўра, Ўзбекистон чегарасига яқин жойлашган Тамаша қишлоғида жума куни тушдан кейин рўй берган тўқнашувда камида икки нафар Қирғизистон милицияси ходими яраланган. Қуролли гуруҳ қишлоққа яширинганидан сўнг хавфсизлик кучлари қишлоқни ўраб олган.
Жума куни Тожикистонда уч нафар чегарачи, Қирғизистонда икки нафар чегарачи жанггарилар томонидан отиб ўлдирилган.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Худойназар Асоевнинг Озодлик радиосига маълум қилишича, қуролли гуруҳ Қирғизистон ҳудудидан Тожикистонга ўтиб чегара постига ҳужум қилган. Оқибатда икки тожик чегарачиси нобуд бўлган: “Тожикистоннинг Суғд вилояти Исфара туманидаги чегара постига олти кишидан кўп бўлган номаълум қуролли гуруҳ ҳужум қилди. Улар икки чегарачини отиб ўлдириб, 19 автомат ва битта пулемётни қўлга киритгандан сўнг Қирғизистоннинг Боткен тумани ҳудудига ўтиб кетди” – деди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили.
XS
SM
MD
LG