Линклар

Қозоғистон ўзбеклари Андижон воқеасига бефарқ эмас


Дунёнинг кўплаб мамлакатларида Андижон воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан турли тадбирлар ўтказилаётган бир пайтда Қозоғистонда шу кунларда бундай ҳолат кузатилмади.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳам бу ҳақда ҳозирча деярли маълумот бергани йўқ. Аммо “Сайрам сабоси” газетасининг 18-сонида Андижон воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан туркум мақолалар эълон қилинди.

Газета мухбири Муҳайё Бегматованинг айтишича, бу воқеани эътиборсиз қолдириш мумкин эмас.

“Андижон воқеасига ўхшаш воқеалардан сўнг қанча вақт ўтса ҳам улар унутилмайди. Қанчадан-қанча қонлар тўкилган, ноҳақ гўдаклар, бугуноҳ норасидаларнинг ўлиб кетишига сабаб бўлган бу фожеа нафақат андижонликларнинг, балки бошқаларнинг ҳам ёдидан чиқмайди”, - деди М.Бегматова.

“Сайрам сабоси” газетасида эълон қилинган “Андижондан кейинги бир йил” сарлавҳали мақолада қуйидаги сатрларни ўқиш мумкин: “Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон воқеалари бўйича “ёпиқлик қозон”га етакчи демократик мамлакатлар вакилларини яқинлаштирмаслиги охир-оқибатда унинг неоколониализм домига тушишига олиб келди, дейиш мумкин. Россиянинг васийлиги Ўзбекистоннинг совет давридаги каби бор
табиий бойлигини “катта ака”га топширишига сабаб бўлиши мумкин. Пахта
монокультураси, колониал сиёсат ҳақида ошкоралик йиллари ва ундан кейин ҳам катта-катта чиқишлар қилган арбобларнинг бугунги сокинлиги эса Ўзбекистоннинг нақадар демократик мамлакатлигига яна бир далилдай туюлади”.

Қозоғистонлик айрим фуқаролар ҳам “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Андижон воқеаларига ўз муносабатини билдирди.

Сайрамлик мухолифатчи Абдумалик Сармоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги бугунги вазият натижасида Андижон воқеаларига ўхшаш ҳодисалар яна такрорланиши мумкин.

“Андижон воқеаларига сабаб бўлган омилларнинг биринчиси -Ўзбекистондаги жуда ҳам оғир иқтисодий аҳвол бўладиган бўлса, иккинчиси, мамлакатдаги жудаям катта ижтимоий адолатсизлик. Андижон воқеалари ва ундан кейинги давр давомидаги ўзгаришлар Ўзбекистоннинг ҳаттоки мустақилликгача бўлган аҳволдан ҳам баттарроқ гирдобга тушиб қолганини кўрсатмоқда. Жумладан, бугунги кунда Ўзбекистон табиий бойликларининг яна қайтадан Россия ихтиёрига ўтиш жараёни амалга ошмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг диктатураларни қўллаш
сиёсати амалда намоён бўлмоқда. Мамлакатда юзага келган мазкур бўҳрон
Марказий Осиёдаги бошқа давлатларга ҳам салбий таъсир қилаётир. Андижондаги ғалаён ҳали дарёдан томчи. Мабодо Ўзбекистоннинг ривожланиши шу қолипда, шу йўналишда кетаверадиган бўлса, ҳали бундан ҳам катта жанжаллар, тўполонлар чиқиши мумкин”,
- деди мухолифатчи.

Қорабулоқлик адабиётшунос Раҳимтой Бегалиевнинг сўзларига кўра, айни пайтда Ўзбекистон сиёсатини эплай олмаётган “президент Ислом Каримов мамлакат раҳбарлигини топшириши” керак.

“Андижон фожеаларида дарёдай қон оққанини, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлганини эшитдик. Кейинчалик Қирғизистон орқали юзлаб одамлар ўз юртидан қочиб кетди. Мана ҳолатларнинг олдини олиш давлат раҳбарларининг вазифаси. Улар экстремист экани ёки бошқа баҳоналар кўрсатилиши мумкин. Лекин ички сиёсатни маҳкам ушлай олмаган раҳбар ўз вазифасини топшириши керак. Ислом Каримовга ўхшаганлар келади-кетади”, - дейди Р.Бегалиев.

“Адолатли Қозоғистон учун” ҳаракати лидери Жармахон Туяқбой ҳам Андижон воқеаларига ўз муносабатини билдирди.

“Андижон воқеаларида террорчиларми ёки тинч аҳоли вакиллари ҳаракат қилганини билмайман. Айтайлик, у ерда эстремистлар бўлган бўлиши мумкин. Шунга қарамай, ўз халқини бундай қонли йўл орқали қириб ташлаш оғир гуноҳ ва жиноят”, - деди Ж.Туяқбой.

Сайрам тумани ўзбек маданияти маркази раиси ўринбосари Анвар Муҳаммаджоновнинг таъкидлашича, қозоғистонлик ўзбеклар Андижон фожеаларини эшитиб, жуда ҳаяжонга тушган. Ўзбекистон раҳбарининг “хатоси билан йўл қўйилган бу хунрезлик, оддий халқнинг шундай аҳволга солиниши, Андижоннинг ўнлаб, юзлаб фарзандлари ўққа тутилиши” уларга қаттиқ таъсир қилган.

“Ана шу фожеа туфайли қурбон бўлганларнинг яқинларига, миллатдошларимизга ҳамдардлигимизни билдирамиз. Аллоҳ олдида ҳам, бандаси олдида ҳам айбдорлар халқнинг қонига жавоб бериши ва жавобгарликка тортилиши керак”, - деди А.Муҳаммаджонов.
XS
SM
MD
LG